“Hürriyet” газетаси: Анқара–Тошкент шериклиги туркий дунё келажаги ва фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга
Январ 29, 2026. 16:16 • 4 дақ
• 54
АНҚАРА, 29 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Hürriyet” газетасида “АНКАСАМ” – Анқара инқироз ва сиёсатни ўрганиш маркази директори, профессор Меҳмет Сейфеттин Эролнинг Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифига доир таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифнинг ёзишича, геосиёсий мураккаблик даврида Марказий Осиёнинг марказида жойлашган туркий дунё тобора фаол ва таъсирчан иштирокчига айланиб бормоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ва унинг раҳбарининг минтақавий тинчликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга сазовор.
Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ва бутун мамлакат бўйлаб ички ислоҳотлар, рақамлаштириш ва инвестиция стратегиялари, инфратузилма ва таълим лойиҳалари, минтақавий интеграция, туркий дунё билан чуқур ҳамкорлик ва кўп қиррали дипломатия шаклида намоён бўлаётган “Янги Ўзбекистон” тасаввури ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда стратегик аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Анқара–Тошкент геосиёсий алоқалари Евроосиё миқёсида стратегик мувофиқлаштирув линиясига айланди ва мазкур минтақанинг юксалишида муҳим ўрин тутмоқда. 2016–2026 йиллардаги давр ушбу янги жараён учун мустаҳкам пойдевор яратди. Ўзбекистон етакчисининг Туркияга ташрифи мавжуд кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашда тарихий аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи икки томонлама муносабатлар нуқтаи назаридан нафақат геосиёсий ва стратегик табиати, балки гуманитар жиҳати билан ҳам чуқур мазмунли ва муҳим аҳамият касб этади. 2023 йилги зилзилага тезкорлик билан жавоб берган ва бутун ҳудудларимизда биродарлари ва опа-сингилларига ёрдам қўлини чўзган Ўзбекистон зилзиладан кейин ҳам бор имконларини сафарбар қилишда давом этди.
Ушбу ташриф давомида Режеп Таййип Эрдоған ва Шавкат Мирзиёев томонидан менинг туғилиб ўсган юртим бўлган Ҳатайда, биродар ўзбек халқи кўмагида қурилган уй-жойларни топшириш режалаштирилгани – икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг гуманитар дипломатия жиҳатини яққол намоён этади.
Яна бир муҳим жиҳат – бу ташриф давомида Истанбулда чет элдаги биринчи ўзбек мактабига тамал тошининг қўйилиши кутилмоқда. Бу эса, жаноб Шавкат Мирзиёев мамлакат ичидаги таълим соҳасида бошлаган ислоҳотлар тўлқинини хориждаги диаспора фарзандларига ҳам етказишни мақсад қилганидан далолат беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг эртага бўлиб ўтадиган расмий ташрифи 20 январда бўлиб ўтган муҳим музокараларнинг давлат раҳбарлари даражасидаги тасдиғи ва стратегик узлуксизликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Мазкур ташриф Марказий Осиё, Кавказ ва Евроосиёнинг ўзаро боғлиқлигини стратегик доирага жойлаштириш имконияти жиҳатидан ҳам муҳим. Президентлар Режеп Таййип Эрдоған ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги кучли лидерлик дипломатияси бу йўналиш сиёсий ирода нуқтаи назаридан мустаҳкам пойдеворга эгалигини кўрсатади.
Ушбу ташриф Анқара–Тошкент линияси нафақат икки томонлама муносабатлар даражасида, балки Евросиёга дахлдор минтақавий ва глобал миқёсда ҳам таъсир кўрсатадиган йўналишга айланганини ва раҳбарлар даражасида минтақавий/глобал геосиёсатни умумий тафаккур қилишга интилишни тасдиқлайди. Ташриф доирасида классик икки томонлама муносабатлар мавзуларидан ташқари, “Ўрта коридор”ни чуқурлаштириш, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, минтақавий барқарорлик ва Туркий дунёнинг интеграцияси каби муҳим мавзулар ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
2026 йил 20 январда Туркияга юқори даражадаги Ўзбекистон делегациясининг ташрифи ва 4+4 форматидаги учрашувлар Анқара–Тошкент ҳамкорлигини кенгайтиришда муҳим босқич ҳисобланади. Ташриф давомида сиёсий, иқтисодий, транспорт, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида қатор стратегик шартномалар имзоланди. Ушбу алоқаларнинг энг муҳим натижаси 4+4 механизмининг яратилиши бўлди. Ушбу механизм ташқи ишлар, ички ишлар, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида мунтазам, мувофиқлаштирилган ва стратегик қарорлар қабул қилиш имкониятларини мустаҳкамловчи институционал тузилмани яратиш орқали икки мамлакат ўртасидаги алоқа ва ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.
Ўзбекистоннинг Туркий дунё билан муносабатлари ташқи сиёсатининг энг стратегик жиҳатларидан бирига айланди. Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) интеграция жараёни жадал ривожланди ва Ўзбекистон ТДТ доирасида фаол ва конструктив ҳамкорга айланди. Бу Туркий дунёнинг маданий, иқтисодий-тижорат ва логистика интеграциясини мустаҳкамлайдиган “Ўрта коридор”, энергетика ва транспорт лойиҳалари, қўшма академик платформалар ва маданий фестиваллар каби стратегик дастурлар орқали амалга оширилди. Буларнинг барчаси минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликка ҳисса қўшмоқда.
Туркия–Ўзбекистон муносабатлари бу жараёнда ҳам жуда муҳим ўрин тутди. Икки мамлакат ўртасида эришилган уйғунлик ва умумий қарашлар ТДТ лойиҳаларининг амалга оширилишини жадаллаштириб, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка қаратилган стратегик ролни англашга кўмак кўрсатди.
Анқара–Тошкент геосиёсий йўналиши минтақада стратегик алоқа йўлагини яратди. Хусусан, “Ўрта коридор”нинг иқтисодий ва логистик интеграцияси ушбу линиянинг минтақавий-глобал савдо хариталарида муҳим роль ўйнашига имкон берди. Шунинг учун ҳам, Анқара–Тошкент шериклиги нафақат икки томонлама ҳамкорлик, балки туркий дунёнинг келажаги ҳамда Марказий Осиёнинг геосиёсий яхлитлиги, барқарорлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун ҳам муҳимдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
