Покистонлик етакчи тадбиркорлар делегацияси "Жиззах – 2025" халқаро бизнес-форумида иштирок этади
Апрель 23, 2025. 06:58 • 2 дақ
• 120
ИСЛОМОБОД, 23 апрель. /"Дунё" АА/. Юртимизнинг Исломободдаги элчихона томонидан Покистоннинг барча савдо-саноат палаталари, йирик бизнес доиралари, инвестицион фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари Зомин туманида ўтказиладиган "Жиззах – 2025" халқаро бизнес-форуми тўғрисида кенг хабардор қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу бизнес-форум ва унинг доирасидаги тадбирлар покистонлик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди. Мезбон мамлакат бизнес доира вакилларига мазкур халқаро форум Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларида алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвесторлар билан истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкиллаштирилаётгани етказилди.
"Жиззах – 2025" халқаро бизнес-форумида иштирок этиш учун Покистондан нуфузли делегация юртимизга етиб борди. Делегация таркибидан фармацевтика, тўқимачилик, терини қайта ишлаш, тайёр кийим-кечак, гугурт ишлаб чиқариш, кимё саноати ва қўшимча қиймат яратадиган бошқа тармоқларда катта тажриба эга бўлган "Broadpeak", "TPBS", "Diners", "Getz Phrama", "Herbion Naturals", "UP-Match" каби компанияларнинг вакиллари ўрин олган.
Покистонлик тадбиркорлар форум доирасида ўзбекистонлик ҳамкорлари билан икки томонлама учрашувлар, бизнес-музокаралар ўтказиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш, янги шартномалар ва англашув меморандумларини имзолашни режалаштирмоқда.
Меҳмонлар, шунингдек, Жиззах вилоятининг инвестиция салоҳияти, ер майдонлари, индустриал зоналари, мавжуд имтиёзлар ва инфратузилма имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олишни ҳам кўзламоқда.
"Жиззах – 2025" форуми нафақат янги лойиҳаларни бошлаш, балки Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси