Ўзбекистон делегацияси Польшада бўлиб ўтган Мева ишлаб чиқарувчилар иқтисодий форумида қатнашди
Январ 19, 2024. 10:41 • 2 дақ
• 377
ВАРШАВА, 19 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ва вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) делегацияси Польшанинг Кельце шаҳрида бўлиб ўтган Мева ишлаб чиқарувчилар иқтисодий форумида қатнашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу форумда ҳар йили Европанинг энг йирик компаниялар раҳбарлари, шунингдек, иш берувчилар иштирок этади.
Польшадаги меҳнат бозори муаммоларига бағишланган алоҳида сессияда Ўзбекистон делегацияси раҳбари – ТММА халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Жаҳонгир Рустамов маъруза қилди.
Польша ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон меҳнат бозорининг бой салоҳияти, ТММА фаолияти, хавфсиз, ташкилий ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича танишдилар. Меҳнат муҳожирларини муносиб, маошли иш ўринлари билан таъминлаш, тўпланган иш тажрибасидан қайтганидан кейин Ўзбекистон равнақи йўлида фойдаланишга ҳукумат эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, мамлакатимизнинг Варшавадаги элчихонаси вакиллари Ўзбекистон томони Польша билан ушбу соҳадаги масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва юзага келган ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этишдан манфаатдор эканлигини маълум қилдилар. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон элчихонада бўлиб ўтадиган миграция масалаларига бағишланган давра суҳбатига таклиф этилди.
Очиқ баҳс-мунозаралар давомида польшалик тадбиркорлар мамлакатлар ёшларининг Германия, Франция, Буюк Британия каби давлатларга кўп кетаётгани сабабли ишчи кучи етишмаслигини, бу эса тайёр ҳосилни йиғиб ололмаслик билан боғлиқ катта йўқотишларга сабаб бўлаётганини таъкидладилар.
Польша Боғбонлар уюшмаси раиси Витольд Пекарник Ўзбекистондан келган ишчилар ҳақида ижобий фикр билдириб, уларни обрўли, интизомли ва меҳнаткаш сифатида тавсифлади. Шу билан бирга, виза олишда тўсиқлар мавжудлиги, бу мигрантларнинг Польшага келишини сезиларли даражада қийинлаштираётгани қайд этилди.
Боровка плантациялари уюшмаси раиси Бартломей Милчарек қишлоқ хўжалиги ишлари учун минг нафар ишчи етишмаслиги маълум қилди. У ушбу ўринларга Ўзбекистон фуқароларини қабул қилишга тайёрлигини билдирди.
Муҳокамалар натижасида ТММА ва Боровка плантациялари уюшмаси ўртасида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, Боғбонлар уюшмаси томонидан Польша парламентига Ўзбекистонни мамлакат меҳнат бозорига кириш осонлаштирилган давлатлар рўйхатига киритиш бўйича тегишли мурожаат йўллаши тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди