Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати ўртасидаги алоқалар янада ривожлантирилмоқда
Июль 29, 2025. 07:21 • 56 сония
• 51
ДЕҲЛИ, 29 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Маҳараштра штати протокол ва маркетинг бўйича вазири Жайкумар Равал билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик, жумладан, ҳудудлараро шериклик алоқалари кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш имкониятлари ўрганилди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги янгиланиш жараёни, хорижий сармоядорлар ва ишбилармонлар учун яратилган жозибадор ва қулай муҳит, улар билан биргаликда йўлга қўйилган йирик ва самарали қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Тадбирда савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, туризм, маданият, илм-фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Жайкумар Равал Маҳараштра штати етакчи компанияларининг Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларини юқори баҳолади. Штат тадбиркорлари Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш жараёнига амалий лойиҳалар билан муносиб ҳисса қўшишга интилаётганини таъкидлади.
Томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида биргаликда бизнес-форумлар ўтказиш, делегациялар алмашиш, бошқа таъсирчан ва самарали тадбирларни ташкил қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади