Дипломатлар ўзбекистонлик тадбиркорлар учун АҚШда янги ҳамкорлар ва инвестиция имкониятларини топишда кўмаклашмоқда

Ноябрь 05, 2026. 08:10 • 2 дақ

• 241
Дипломатлар ўзбекистонлик тадбиркорлар учун АҚШда янги ҳамкорлар ва инвестиция имкониятларини топишда кўмаклашмоқда
Дипломатлар ўзбекистонлик тадбиркорлар учун АҚШда янги ҳамкорлар ва инвестиция имкониятларини топишда кўмаклашмоқда
Дипломатлар ўзбекистонлик тадбиркорлар учун АҚШда янги ҳамкорлар ва инвестиция имкониятларини топишда кўмаклашмоқда

ВАШИНГТОН, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида мамлакатимизда янги ташкил этилган “Business Diplomat” тадбиркорлар уюшмаси делегацияси билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация таркибидан кимё саноати, чиқиндиларни қайта ишлаш, уй-жой қурилиши, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва савдоси, банк-молия хизматлари, инвестициялар ҳамда интеллектуал мулк соҳаларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар ўрин олди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланиш суръатлари, икки томонлама савдо ва инвестиция алоқаларида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ҳамда уларнинг мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни тобора мустаҳкамлашга таъсири юзасидан делегация аъзоларига атрофлича маълумот берилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистондан АҚШга экспорт қилинадиган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш, янги экспорт йўналишлари ва ўсиш нуқталарини аниқлаш, маҳаллий маҳсулотларни Америка бозорига олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

АҚШдан Ўзбекистонга юқори технологиялар, замонавий хизматлар ва миллий иқтисодиёт тармоқларида талаб юқори бўлган маҳсулотларни жалб қилиш, икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, каустик сода ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш, уй-жой ва тижорат объектлари қурилиши, қурилиш материаллари савдоси, банк-молия хизматлари, портфель инвестициялари, интеллектуал мулк ҳамда бизнес фаолиятининг қонунчилик ва тартибга солиш талабларига мувофиқлигини таъминлаш йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

Тадбиркорларга Америка бозорида фаолият юритиш, салоҳиятли ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва маҳаллий қонунчилик талабларига риоя қилишнинг амалий тартиб-таомиллари юзасидан тавсиялар берилди.

Элчихона кўмагида делегация аъзолари учун Америка–Ўзбекистон савдо палатаси, АҚШ Савдо вазирлиги, Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC), “White & Case” халқаро юридик фирмаси ҳамда Америкада доимий фаолият юритаётган ватандош тадбиркорлар билан B2B форматида учрашувлар ўтказилди.

Тадбир сўнггида “Business Diplomat” уюшмаси билан ҳамкорликни давом эттириш, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг АҚШ бозоридаги фаолиятини кенгайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш