Ўзбекистон Малайзиянинг пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги тажрибасини ўрганмоқда

Ноябрь 25, 2026. 17:00 • 2 дақ

• 33
Ўзбекистон Малайзиянинг пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги тажрибасини ўрганмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси делегациясининг Малайзияга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташрифдан кўзланган мақсад илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ижтимоий ва пенсия таъминоти соҳаларида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.

Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Нуриддин Шадиходжаев бошчилигидаги делегация Малайзиянинг пенсия ва ижтимоий суғурта соҳасидаги етакчи муассасалари – Ходимлар жамғарма фонди (EPF), Хусусий пенсия тизимлари маъмурияти (PPA), Ижтимоий суғурта ташкилоти (PERKESO) ҳамда Давлат пенсия жамғармаси (KWAP) вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Шунингдек ўқинг

Мулоқотлар давомида Малайзиянинг пенсия тизимини бошқариш ва ташкил этиш, пенсия активларини самарали бошқариш ва инвестиция қилиш, ислом молияси тамойилларига асосланган жамғариб бориш механизмларини жорий этиш борасидаги тажрибаси ўрганилди.

Томонлар пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта тизимларини янада такомиллаштириш, соҳада институционал ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Ушбу хизмат сафари юртимизнинг пенсия ва ижтимоий таъминот тизимини модернизация қилиш жараёнида илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ушбу йўналишдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш