Покистоннинг Балужистон вилояти билан Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштиришга келишилди
Декабрь 16, 2024. 17:24 • 2 дақ
• 289
ИСЛОМОБОД, 16 декабрь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Балужистон вилояти маркази – Кветта шаҳри савдо-саноат палатаси раҳбари Аюб Мариани билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Покистоннинг Балужистон вилояти билан Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, етакчи соҳаларда ўзаро тажриба ва технологияларни жалб қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Палата аъзоларига мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган кенг имтиёз ва имкониятлар, эркин иқтисодий зоналарда қўшма корхоналар тузиш шартлари юзасидан тўлиқ маълумот берилди.
Томонлар 2024 йилни сарҳисоб қилиб, келгуси йилда товар айланмасини ошириш механизмлари, жумладан бир-бирига етказиб бераётган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш шартларини келишиб олдилар.
Онлайн учрашув давомида, шунингдек, "Гвадар" порти имкониятларидан фойдаланиш ҳамда сайёҳлик, хусусан зиёрат туризми соҳасидаги алоқаларни жадал ривожлантириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.
2025 йил январь ойида Исломободда учрашиш, Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан онлайн музокаралар ўтказиш томонларнинг иш жадвалига киритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси