Logo

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасида Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш масалалари кўриб чиқилди

Январ 10, 2024. 09:35 • 2 дақ

207
Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасида Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш масалалари кўриб чиқилди

БЕРЛИН, 10 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси (OA) ижрочи директори Михаэль Хармс билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда 2024 йилда икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликдаги қатор лойиҳа ва режалар, ишбилармон доира вакиллари иштирокида турли тадбирларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Асосий эътибор жорий йил май ойида Германиянинг етакчи компания ва фирмалари вакилларидан иборат OA делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, унинг доирасида икки мамлакат етакчи компаниялар иштирокида қўшма бизнес-форум ва "B2B" шаклидаги учрашувлар ўтказиш масалаларига қаратилди.

Шунингдек, Германиянинг текстиль, енгил саноат, машинасозлик, металлургия, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари билан инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Наманган вилоятида "Фарғона водийси – Германия" форматида ишбилармонлар конференциясини ўтказиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг «Марказий Осиё – Германия» саммитида иштироки доирасида 2023 йил 29 сентябрь Берлин шаҳрида OA билан ҳамкорликда ташкил этилган иқтисодий форумда ушбу тадбирга мунтазам тус бериш ва навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи берилган эди. Учрашув давомида ушбу масала ҳам кўриб чиқилди.

Немис томони Германияда ўрта махсус малакадаги кадрларнинг кескин танқислиги кузатилаётган бир даврда Ўзбекистон ёшларини дуал касбий таълим асосида ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш ва кейинчалик ишга жойлаштириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, суҳбатдош мамлакатимиз ҳудудлари делегацияларининг Германияга ташрифларини, шу жумладан, немис компания ва банклари билан янги қўшма инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномаларини тузиш юзасидан музокараларни ташкил этишда OA иштирок этишини маълум қилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасида бўлиб ўтган учрашув якунида белгилаб олинган режалар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг 2024 йилда янада жадаллаштириш ҳамда олий ва юқори даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш