Испания компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдан манфаатдор
Июль 27, 2025. 10:24 • 2 дақ
• 138
ВИЛЬЯРЕАЛЬ, 27 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испанияниг Валенсия мухторияти Виляьреаль шаҳрига ташрифи доирасида етакчи компаниялар раҳбарлари билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, "Porcelanosa Grupo" компанияси бош директори Сильвестр Сегарра Сориано билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикасининг сармоявий муҳити ва саноат салоҳияти, жумладан, хорижий инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг жорий чора-тадбирлари атрофлича тақдим этилди.
"Porcelanosa Grupo" керамик плиткалар, санитария, ошхона ва қурилиш ечимлари ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири саналади. Компания 1973 йилда ташкил этилган ва ҳозирда 100 дан ортиқ мамлакатларга маҳсулот экспорт қилмоқда. "Porcelanosa Grupo" ўзининг инновацион ёндашуви, юқори сифатли маҳсулотлари ва премиум сегментга қаратилганлиги билан машҳур. Ўзбекистонда компания 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ўзининг расмий ҳамкори "Premium Concept" корхонаси билан биргаликда ишлаб келмоқда. 2021 йилдан бошлаб компаниянинг Тошкентда шоу-руми фаолият кўрсатмоқда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда ҳам ички бозор, ҳам экспортга йўналтирилган Марказий Осиё учун минтақавий саноат марказини яратиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Компания раҳбарияти Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини юқори баҳолади ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини янада ўрганишдан манфаатдорлигини билдирди. Таъкидланишича географик жойлашуви, қулай логистика ва барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон гуруҳнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришнинг истиқболли йўналиши сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон элчиси, шунингдек, "XSTONE" компаниясининг Шарқий Европа бўйича минтақавий менежери Роман Писко билан музокара ўтказди. Корхона сунъий тош ва чинни тошдан ясалган инновацион пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳамкорликнинг турли мумкин бўлган форматлари, жумладан, қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, испан технологияларидан фойдаланган ҳолда маҳсулотларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар инфратузилма ва логистика имкониятларини баҳолаш, шунингдек, потенциал ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистонга бизнес-миссия ташкил этиш ниятида эканликларини билдирдилар. Саноат кооперацияси доирасида ишлаб чиқариш линиялари ва асбоб-ускуналарни узатиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Юқори сифатли сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Noken" компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашув чоғида маҳсулотларни кейинчалик маҳаллийлаштириш мақсадида Ўзбекистон сантехника бозорини биргаликда таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг уй-жой ва меҳмонхона соҳаларида юқори сифатли қурилиш ва муҳандислик ечимларига талаб ортиб бораётгани, бу ўзаро манфаатли шериклик учун янги имкониятлар очаётгани таъкидланди.
Учрашувлар якунлари бўйича Испания томони Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг истиқболли ва жадал ривожланаётган бозорида ўз иштирокини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Компаниялар ўзаро ҳамкорликнинг амалий босқичига ўтишга, жумладан, мамлакатга бизнес-миссиялар ташкил этиш, ишбилармонлик учрашувлари ўтказиш, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қўшма инвестиция лойиҳалари бўйича аниқ форматларни ишлаб чиқишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади