Нуфузли испан компанияси билан пишлоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилди
Март 11, 2026. 09:12 • 2 дақ
• 114МАДРИД, 11 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов “Grupo Trepal” таркибига кирувчи нуфузли “Exclusivas La Cota (Cortenvas)” компанияси фаолияти билан танишди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мадрид шаҳрида жойлашган ушбу компания сут маҳсулотлари, пишлоқни қайта ишлаш, бўлаклаш ва қадоқлаш соҳасида 45 йиллик тажрибага эга дунёга машҳур ишлаб чиқариш сектори ҳисобланади.
Ташриф давомида Ўзбекистон элчиси корхона асосчиси ва директори Сенен Фернандес билан музокара ўтказди, ишлаб чиқариш линиялари, компаниянинг технологик жараёнлари билан танишди.
Компания ишлаб чиқарувчилар, дистрибьюторлар, савдо белгилари ва чакана савдо тармоқлари билан ҳамкорлик қилиб, чакана савдо тармоқлари, “HoReCa сектори”, экспорт бозорлари ва бошқа йирик лойиҳаларга маҳсулот етказиб бериш бўйича профессионал ечимларни тақдим этади. Корхона фаолияти самарадорлик, инновация ва технологияларни доимий равишда такомиллаштириш тамойилларига асосланади.
Учрашув давомида компания раҳбарияти томонидан фойдаланилаётган технологик ечимлар, жумладан, пишлоқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш учун Испаниянинг замонавий ускуналари тақдим этилди. Бу маҳсулотларнинг барқарор сифати, Европа стандартларига мувофиқлиги ва ишлаб чиқариш жараёнларининг юқори самарадорлигини таъминлаш имконини беради.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистонда пишлоқларни қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича янгитехнологияларни жорий этиш имконияти, ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг пишлоқ маҳсулотларини Испания бозорига етказиб бериш истиқболларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


