“London Post”: ЮНЕСКО Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади
Ноябрь 04, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 95
ЛОНДОН, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “London Post” ахборот порталида ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистон томонидан илгари сурилган маданий меросни глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида асрашга қаратилган ташаббусни бир овоздан маъқуллагани хусусида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг ёзишича, ушбу қарор 2026 йил 31 октябрь куни Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225-сессиясида қабул қилинган. Бу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йили Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида илгари сурилган эди.
Қарор маданий меросни иқлим ўзгариши, табиий офатлар, урбанизация ва глобаллашув таъсиридан ҳимоя қилиш, бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда илғор тажриба ва илмий билимлар алмашинувини ривожлантиришга қаратилган.
Ташаббус доирасида 2027 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО ҳамкорлигида маданий меросни асраш масалаларига бағишланган халқаро симпозиум ўтказиш таклифи ҳам маъқулланди.
Мақолада таъкидланишича, ушбу нуфузли тадбирда турли мамлакатлардан олимлар, мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, маданий ёдгорликларни замонавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, илғор технологияларни қўллаш ва миллий анъаналарни сақлаш масалаларини муҳокама қилади.
Ўзбекистон ташаббусини ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат қўллаб-қувватлаб, қарор лойиҳасига ҳаммуаллифлик қилди. Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатлар бор.
Мазкур қарор Ўзбекистоннинг маданий меросни асраш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасининг эътирофидир.
2027 йилда Хивада ўтказилиши режалаштирилган симпозиум жаҳон маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим халқаро майдонга айланиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси