Logo

Жиззах вилояти ва Польшанинг Куявия-Померания воеводлиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилади

Июль 22, 2025. 10:01 • 3 дақ

41
Жиззах вилояти ва Польшанинг Куявия-Померания воеводлиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилади

КУЯВИЯ-ПОМЕРАНИЯ, 22 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев амалий ташриф билан Польшанинг Куявия-Померания воеводлигига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Куявия-Померания воеводлиги Польшанинг шимоли-марказий қисмида жойлашган. Ҳудудда озиқ-овқат, кимё, электротехника саноати, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар ривожланган.

Сафар давомида Куявско-Поморск воеводлиги маршали (ҳокими) Пётр Цалбецки билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон – Польша ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар, айниқса, ҳудудлараро ҳамкорлик йўналишида катта салоҳият мавжудлиги алоҳида қайд этилди.

Маршал Пётр Цалбецки Польша томони Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги муҳим сиёсий ва иқтисодий шериклардан бири сифатида эътироф этишини таъкидлаб, Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини юксак баҳолади. Унинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорликни рағбатлантириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Польша бизнес доираларини Ўзбекистонга бизнес қилишга ундаяпти.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилиниб, Куявско-Поморск воеводлиги ва Жиззах вилояти ўртасида туризм, қишлоқ хўжалиги, юқори технологиялар, меҳнат миграцияси ва таълим соҳаларида ҳудудлараро алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Жиззах вилояти делегациясининг Польшага ва Пётр Цалбецкининг жорий йил куз фаслида Жиззахга сафарларини уюштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон расмий вакили Польшанинг нуфузли компанияларидан бири — "Marszałek Holding" бошқарув кенгаши раиси Адам Маршалек билан мулоқот қилди. Унда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва маданий соҳаларда алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди.

2026 йил май ойида Польшанинг Торунь шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган XIII Халқаро Осиё Конгрессида Ўзбекистон делегациясининг иштирокини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.

Шу билан бирга, Адам Маршалек раҳбарлик қилаётган "Marszałek" нашриёт уйи ва "Ўзбекистон нашриёти" давлат унитар корхонаси ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросимини ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Польша нашриёт уйлари ўртасида меморандум имзоланиши, икки томон ўртасида илмий, адабий ва маданий маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда нашр лойиҳаларини амалга ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга замин яратади.

Ўзбекистон элчиси сафар давомида Торунь шаҳрида жойлашган, Польша ва Буюк Британиядаги йирик савдо тармоқларини полиз маҳсулотлари билан таъминлаб келаётган "Agro Sp. Z o.o." компанияси раҳбари Марчин Димовский билан ҳам музокара ўтказди.

Унда "Agro Sp. Z o.o." компанияси билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳаларида фаолият юритаётган "BMB Holding" компанияси ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йил август ойида мазкур икки компания вакиллари ўртасида онлайн мулоқот ташкил этиш, шунингдек, "Agro Sp. Z o.o." компаниясининг қишлоқ хўжалиги объектларида Тошкент давлат аграр университетининг 100 нафар талабаcи учун амалиёт ўташ имкониятини яратиш тўғрисида аҳдлашиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш