Қатар компанияси Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги лойиҳаларда иштирокини янада кенгайтиради
Февраль 23, 2024. 08:40 • 2 дақ
• 397
ДОХА, 23 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев «Nebras Power» компанияси бош ижрочи директори Халид Жоло билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида ушбу компания билан ҳамкорликда Ўзбекистонда энергетика соҳасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг ҳолати ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Хориж томонига Ўзбекистонда энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун яратиб берилган қулай шарт-шароитлар, соҳага хорижий ва хусусий инвестицияларни жалб қилишни кўпайтириш, нарх шаклланишининг эркин ва шаффоф механизмларини жорий қилиш ҳамда муқобил энергиядан кенг фойдаланиш мақсадида мавжуд имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Бош ижрочи директор Халид Жоло «Nebras Power» компанияси учун Ўзбекистонда яратиб берилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди.
Музокаралар якунида амалга оширилаётган лойиҳаларни тезлаштириш ва янги режаларни ишлаб чиқиш мақсадида «Nebras Power» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил қилиш тўғрисида келишиб олинди.
«Nebras Power» компанияси 2014 йилда ташкил этилган. Компания энергетика соҳасида Қатарнинг етакчи корхоналаридан бири ҳисобланади. «Nebras Power» 10 дан ортиқ давлатларда қуввати 6,8 ГВтга тенг 22 та лойиҳани амалга оширган. Корхона активлари 2,4 миллиард АҚШ долларига тенг. Ҳозирги кунда мазкур компанияда салкам 5 минг кишининг бандлиги таъминланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси