Logo

Шанхайда янги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди

Апрель 09, 2026. 09:57 • 2 дақ

155
Шанхайда янги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди

ШАНХАЙ, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Материаллар ва асбоб-ускуналар савдоси бўйича фаолият юритувчи Шанхай халқаро ҳамкорлик маркази (G60) директори Чжао Лигэ билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур марказ 1992 йилда Пекин шаҳрида ХХР Давлат кенгаши ҳузуридаги назорат комиссияси томонидан ташкил этилган. У маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш билан шуғулланади.

Ушбу ташкилот “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилиб, ҳукумат ва бизнес вакиллари ўртасида боғловчи кўприк вазифасини бажаради. Ҳозирги кунда марказ таркибига Аньхой, Цзянсу ва Чжэцзян провинцияларида фаолият юритаётган 12 мингдан ортиқ компания киради.

Суҳбат давомида хитойлик ишбилармонлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган жадал иқтисодий ривожланишни юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Айни пайтда марказга аъзо бўлган қатор йирик компаниялар Ўзбекистонда самарали фаолият юритмоқда. Улар қаторида “Shanghai Wanling Electrical Equipment Co., Ltd”, “Wuhan Yangluo Port Service Co., Ltd”, “Wuhan Financial Holding Co., Ltd.” ва “Shandong Tengzhou Huizhaitianxia Trading Co., Ltd.” каби компаниялар бор.

Хитой томони Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳам шерикликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Шу муносабат билан, шу йил май ойида марказга аъзо компаниялардан иборат делегациянинг Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Самарқанд вилоятига ташрифини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Музокаралар давомида ҳамкорликда 2026 йилга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, бизнес-форум, конференция ва бошқа учрашувларни ташкил этишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш