Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

Март 11, 2025. 11:26 • 2 дақ

65
Малайзия компанияси Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 11 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "MK Tron Group" компаниялар гуруҳи асосчиси ва ижрочи раиси Мутхукумар Аярпадде билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда компания Ўзбекистонда тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, меҳмонхона бошқаруви, халқаро таълим, кичик ва ўрта бизнес учун фонд биржаси соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Мутхукумар Аярпадде маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Тошкент шаҳрида реабилитация марказини ташкил этиш ва халқаро стандартлар бўйича бошқарувни йўлга қўйиш, республика ҳудудларида буйрак касалликларини даволашга ихтисослашган диализ марказини ҳамда кўп функцияли клиникаларни ташкил этиш, фармацевтика маҳсулотларини қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро соғломлаштириш ва эстетик тиббиёт институтининг илдиз ҳужайраларини даволаш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Тошкент шаҳрида махсус лаборатория ташкил этиш каби лойиҳалар шулар жумласидандир.

"Kapital DX" компанияси Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесга хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш имконини берувчи махсус онлайн платформани яратиш ва бошқариш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди.

"Indah Atelier" компанияси эса Малайзиянинг батик санъатини Ўзбекистоннинг машҳур икат ва сўзана кашталари билан уйғунлаштирган ҳолда қўшма модалар коллекциясини биргаликда ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди.

"MK Tron Group" компанияси 1992 йилда тадбиркор Мутхукумар Аярпадде томонидан асос солинган. Компания автомобиль эҳтиёт қисмлари, саноат ва маиший газ баллонлари, алюминий қотишмаларидан қуймаларни ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, IT технологиялар соҳаларида Малайзия, Ҳиндистон, Мексика ва Жанубий Корея ва Буюк Британия давлатларида фаолият юритади.

"Kapital DX" ва "Indah Atelier" компаниялари "MK Tron Group" гуруҳи таркибига киради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш