Исроил АҚШ ва Эрон музокаралари фонида Жанубий Ливандаги ҳарбий иштирокини сақлаб қолишини маълум қилди
Июнь 25, 2026. 21:00 • 3 дақ
• 69
ТЕЛ-АВИВ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац давом этаётган дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, Исроил қўшинлари Жанубий Ливандан олиб чиқилмаслигини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The Times of Israel” нашрига таяниб.
Унинг сўзларига кўра, Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) минтақада қолмоқда ва АҚШ ҳозирча Исроилдан Ливан ҳудудини тарк этишни талаб қилмаяпти.
“Исроил Мудофаа армияси тайёр ҳолатда турибди ва биз чекинмаймиз. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам кетмаслигимизни маълум қилганмиз. Ҳозирги вақтда эса бу сиёсий ютуқдир. АҚШ Исроилдан Ливанни тарк этишни талаб қилаётгани йўқ”, деди вазир.
Баёнот АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилаётган музокаралар фонида янгради. Томонлар ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ва доимий келишувга эришиш бўйича 60 кунлик музокараларга тайёргарлик кўришни назарда тутувчи англашув меморандумини имзолаган. Асосий баҳсли масалалардан бири Ливандаги вазият бўлиб қолмоқда.
Эрон Ливандаги урушни тўхтатиш ва Исроил қўшинларининг чиқиб кетиши узоқ муддатли тинчликка эришишнинг зарур шартлари эканини таъкидламоқда. Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф Ливанда ўт очишни тўхтатиш Эрон билан ўт очишни тўхтатиш каби муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.
Айни пайтда Ливан жанубида тўқнашувлар давом этмоқда. Ливан давлат оммавий ахборот воситалари Кфар-Руммана ҳудудида Исроил дрони зарбаси оқибатида икки киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил оммавий ахборот воситалари эса бир нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.
Исроил ва Ливан АҚШ воситачилигида хавфсизлик масалалари ҳамда Исроил кучларининг эҳтимолий чиқиб кетиши юзасидан музокараларни давом эттирмоқда. Исроил ҳудудларни босқичма-босқич Ливан армияси назоратига топширишни таклиф қилмоқда. Ливан армияси эса “Ҳизбуллоҳ” фаолият юритган ҳудудларда назоратни ўз қўлига олиши керак. Бироқ мазкур гуруҳ музокараларда иштирок этмаяпти.
Қўшимча келишмовчиликлар АҚШ Давлат департаменти вакилининг Исроил Ливан ҳукуматига нисбатан яхши ният белгиси сифатида буфер ҳудуддан қўшинларининг бир қисмини чиқаргани ҳақидаги баёнотидан кейин юзага келди. Америка томонининг таъкидлашича, бу қадам ҳудудлар устидан назоратни Ливан армиясига топшириш ва “Ҳизбуллоҳ”нинг қуролли инфратузилмасини бартараф этиш механизмининг бир қисми бўлиши керак.
Бироқ Исроил ва Ливан расмийлари қўшинларнинг чиқарилгани ҳақидаги маълумотларни рад этди. Исроил мудофаа идорасининг юқори лавозимли вакили мамлакат сиёсати ўзгармаганини ва буфер ҳудуддан қўшинларни олиб чиқиш режалаштирилмаётганини билдирди.
“The Jerusalem Post” нашри сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси