Малайзия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан танишди
Июнь 06, 2025. 15:14 • 3 дақ
• 73
КУАЛА-ЛУМПУР, 6 июнь. /"Дунё" АА/. Юртимиз элчихонасида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистонга хорижий сармояларни жалб этиш мақсадида ташкил этилган бизнес мулоқотда Малайзия ўрта даражадаги компаниялар консорциуми (MCMTC) президенти Мартин Анг ва ташкилотга аъзо компаниялар вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев кириш нутқи билан очиб берди. Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда бизнес юритиш муҳити, жумладан хорижий инвесторлар учун яратилган қулай имкониятлар тўғрисида маълумот берилди.
MCMTC президенти Мартин Анг Ўзбекистонда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва бизнес учун яратилган қулай шароитлар катта таассурот уйғотганини маълум қилди. У Ўзбекистонда инвестиция фаолияти ва бизнес бошлаш учун қулай фурсат келганлигини таъкидлаб, ташкилот аъзоларини мамлакатимизга ташриф буюришга ҳамда Ўзбекистон, қолаверса Марказий Осиё бозорларига кириб бориш учун янги имкониятларни кашф қилишга чақирди.
Шунингдек, Мартин Анг жорий йил ноябрь ойида Малайзияда ўтказилиши режалаштирилган АСЕАНнинг турли савдо ва саноат уюшмалари форумида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мавзусида алоҳида панель сессия ташкил этилишини маълум қилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон инвестиция салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистонда сўнгги йилларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, инвесторлар ўз ғояларини амалга ошириш учун республика ҳукумати томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
"Thumbprints Utd Sdn Bhd" компанияси бошқарув директори Лим Чи Юнг ўз навбатида Ўзбекистонда болалар таълими сифатини ошириш учун инновацион қўлланмаларни тарғиб қилиш ва маҳаллий нашриёт корхоналар билан ушбу турдаги китобларни ҳамкорликда чоп этиш ва мактабгача таълим муассасаларига етказиб беришга қизиқиш билдирди.
"Bodibasixs Manufacturing Sdn Bhd" компанияси ижрочи директори Ли Панг Ўзбекистонда ҳалол стандартлар асосида шахсий парваришлаш ва косметика воситаларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва Марказий Осиё давлатларига етказиб бериш имкониятларини ўрганиб чиқишга қизиқиш билдирди.
"Gourmet Ingredients Sdn Bhd" компанияси бош директори мамлакатимизда қандолатчилик маҳсулотлари ва тез тайёрланадиган шўрва кукуни ишлаб чиқариш бўйича ўз филиалини ташкил этиш ва Марказий Осиё бозорларига етказиб бериш бўйича маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Тадбир якунида жорий йил сентябрь-октябрь ойларида MCMTCга аъзо компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш, унинг доирасида маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама музокаралар ўтказишга келишиб олинди.
Мартинг Анг, Малайзия ўрта даражадаги компаниялари консорциуми (MCMTC) президенти:
– Бугун мен Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида бўлишдан мамнунман. МСМТСга аъзо корхоналар билан бугунги мулоқотни ташкил этгани учун Ўзбекистон томонига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Учрашувимиз жуда мазмунли ўтди. Унда озиқ-овқат, IT каби қатор соҳалардаги 10дан зиёд корхоналардан 20 га яқин вакиллар иштирок этди. Бизга Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Бугунги тақдимот ва мулоқот биз учун янги имкониятларни кашф этди. 37 миллионлик аҳолиси бўлган мамлакатингизда биз каби ўрта даражадаги сармоядорлар учун барча соҳаларда кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратилган.
MCMTC Ўзбекистонга ташриф буюриш ва ўзбек шериклар билан биргаликда ишлашга тайёр. Ўйлайманки, биргаликда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган натижаларга эришамиз.
Ли Панг, MCMTC вице-президенти, "BodiBasixs Sdn.Bhd." компанияси ижрочи директори:
– Бугунги мулоқот жуда қизиқарли тарзда бўлиб ўтди. Биз MCMTC аъзоларининг Ўзбекистонга сафарини келишиб олдик. Тадбирда ўтказилган тақдимотдан билдимки, Ўзбекистонда аъзоларимиз учун имкониятлар жуда кўп.
Ўйлайманки, биз мамлакатингизга сармоя киритишимиз ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Чунки Ўзбекистонда мева ва сабзавотлар кўп етиштирилади ҳамда бу соҳада катта имкониятлар мавжуд.
Шунингдек, IT каби бошқа соҳалардаги аъзо компанияларимиз ҳам "Ўзбекистон IT парки" каби ҳамкорлар билан ишлашга қизиқиш билдирмоқда.
Мен косметика саноати вакилиман. Шу боис, ушбу йўналишда Ўзбекистон билан савдо алоқаларимизни кенгайтиришга ҳам умид қилаяпман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади