Малайзиянинг Селангор штати ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар йўлга қўйилади
Октябрь 25, 2024. 19:08 • 2 дақ
• 220
КУАЛА-ЛУМПУР, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти Малайзиянинг Селангор штати давлат ижро Кенгаши аъзоси, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма вазири Изхам бин Хашим билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Селангор штати ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазири Изхам бин Хашим шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Малайзия бизнес альянси вакилларидан иборат ишбилармонлар делегацияси таркибида Хоразм ва Самарқанд вилоятларига ташрифи, Хива шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми, давлат идоралари ва маҳаллий корхоналар билан икки томонлама учрашувлар унда катта таассурот қолдирганини маълум қилди.
"Селангор штати ва Ўзбекистоннинг саноати ривожланган ҳудудлари – Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ўртасида тўғридан-тўғри савдо-иқтисодий алоқаларини ўрнатиш таклифини қўллаб-қувватлайман. Ушбу вилоятларнинг расмий ва ишбилармон доира вакилларини штатга алоҳида ташрифини ташкил этишга ҳам тайёрмиз", деди у.
Малайзия томони билан Селангор штатида Ўзбекистонда етиштириладиган сархил ва қуритилган мева-сабзавот ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш ҳамда ушбу соҳада фаолият юритаётган икки мамлакатлар улгуржи ва чакана савдо компаниялари ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатишга келишиб олинди.
Селангор штати Малайзия ярим оролининг ғарбий қисмида жойлашган ва пойтахт Куала-Лумпур шаҳрини ўз ичига олган. Унинг ҳудуди 8 минг квадрат км, аҳолиси сони 7,34 миллион кишини ташкил қилади. Штат Малайзиянинг иқтисодий жиҳатидан энг йирик ҳудуди ҳисобланади. 2023 йилда Малайзия ЯИМ ҳажмининг 25,9 фоизи (энг катта улуш), ёки 98,7 миллиард АҚШ доллари Селангор штати ҳиссасига тўғри келди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси