Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Туркманистоннинг Мари вилояти ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Июль 07, 2025. 10:15 • 52 сония

86
Ўзбекистон ҳудудлари ва Туркманистоннинг Мари вилояти ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

МАРИ, 7 июль. / "Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Алимов амалий ташриф билан Туркманистоннинг Мари вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчи Равшан Алимов ташриф давомида Мари вилояти ҳокими Бегенчмурад Оразов билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудлари ва Мари вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Туркманистоннинг Мари вилоятлари ўртасида биродарлашган ҳудудлар муносабатларини йўлга қўйиш, Мари вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Сурхондарёга амалий сафарини уюштириш ҳудудлараро ҳамкорлик ривожига салмоқли ҳисса қўшиши таъкидланди.

Музокаралар натижасида жорий йилда Бухоро ва Дашогуз шаҳарларида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес-форумлар ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбари сафар давомида, шунингдек, Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасининг Мари вилоят бошқармасида маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот қилди.

Учрашувда икки давлат ишбилармонлар доиралари вакиллари ўртасида шерикликни кенгайтириш, саноат ва агротехнология соҳаларида қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда савдо алоқаларини фаоллаштириш орқали ҳудудлараро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш истиқболлари белгилаб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш