Logo

Покистон етакчи компанияси Ўзбекистонда фармацевтика, тўқимачилик, тоғ-кон ва кимё саноатига инвестиция киритиши мумкин

Апрель 23, 2026. 08:55 • 3 дақ

249
Покистон етакчи компанияси Ўзбекистонда фармацевтика, тўқимачилик, тоғ-кон ва кимё саноатига инвестиция киритиши мумкин

ЛАҲОР, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрига амалий ташрифи доирасида Покистоннинг «Fatima Group» компаниялар гуруҳи ижрочи директори Али Мухтар билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

«Fatima Group» 1936 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Покистондаги энг йирик бизнес конгломератларидан бири ҳисобланади. Компания кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, шакар саноати, энергетика, қадоқлаш, кончилик ҳамда савдо каби қатор стратегик соҳаларда фаолият юритиб келмоқда. 2025 йил якунларига кўра, компаниянинг йиллик товар айланмаси 2 миллиард АҚШ долларни ташкил этган. Ҳозирги вақтда компания мамлакат бўйлаб минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи 10 та завод ҳамда 70 дан ортиқ омборхонага эга бўлиб, Покистон қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутади.

Учрашув аввалида дипломатик ваколатхона раҳбари Ўзбекистон Покистон бизнес доиралари учун тобора жозибадор инвестиция манзилига айланаётганини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда ушбу мамлакатдан жалб этилаётган инвестициялар ҳажми бир неча баробарга ошган.

Музокаралар давомида «Fatima Group» билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди. Хусусан, фармацевтика, тўқимачилик, тоғ-кон ва кимё саноати каби йўналишларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Али Мухтар Ўзбекистон бозорига кириш мақсадида дастлаб маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, кейинчалик эса ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, компания вакиллари 2023 йилда Наманган вилоятига ташриф буюриб, қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганиш доирасида мониторинг тадқиқотларини ўтказгани қайд этилди. Айни пайтда мазкур лойиҳани амалга ошириш масаласи компания кун тартибида устувор аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, Навоий вилояти ҳокимлиги билан ҳам инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан музокаралар давом этаяпти.

Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида юқори технологияли ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Яқин Шарқ ва Кўрфаз араб давлатлари бозорларига экспорт қилиш, шунингдек, икки мамлакатда тоғ-кон саноати йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди. 

Шу билан бирга, кимё саноатида йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва тўқимачилик соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини чуқур ўрганиш таклифи ҳам қўллаб-қувватланди.

Томонлар юқорида қайд этилган масалаларни батафсил муҳокама қилиш, шунингдек, Ўзбекистонга режалаштирилаётган ташриф олдидан музокаралар кун тартибини шакллантириш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар иштирокида онлайн учрашув ташкил этишга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш