Logo

“Associated Press of Pakistan” АА: Ўзбекистонда ҳудудларнинг иқтисодий фаоллиги сунъий йўлдош маълумотлари орқали баҳоланди

Апрель 01, 2026. 12:02 • 3 дақ

47
“Associated Press of Pakistan” АА: Ўзбекистонда ҳудудларнинг иқтисодий фаоллиги сунъий йўлдош маълумотлари орқали баҳоланди

ИСЛОМОБОД, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлигида “Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сунъий йўлдош маълумотлари асосида Ўзбекистон ҳудудларининг сўнгги беш йиллик иқтисодий фаоллигини баҳолади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ҳудуд ва шаҳарлари даражасида иқтисодий фаолликни баҳолаш учун сунъий йўлдош орқали олинган тунги ёруғлик (Nighttime Lights, NTL) маълумотларидан фойдалангани маълум қилинган.

“Таҳлил натижалари сунъий йўлдош кўрсаткичлари расмий статистика билан юқори даражада мос келишини кўрсатди. Жумладан, НАСАнинг тунги ёруғлик маълумотлари асосидаги баҳолашларга кўра, 2020–2025 йилларда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келган ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) номинал ўсиши 80,3 фоизни ташкил этиб, бу ўртача йиллик 15,8 фоизлик ўсишга тўғри келади. Сўнгги 5 йилда ЯИМ ҳажми 2 090 доллардан 3 887 долларга етган. Қиёслаш учун, расмий статистика маълумотларига кўра, шу даврда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ўсиши 81,8 фоизни ташкил этган бўлиб, ўртача йиллик ўсиш 16,1 фоизга тенг бўлди. Натижада, бу кўрсаткич 2 048 доллардан 3 881 долларгача ошди”, – дейилади мақолада.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги беш йилда ҳудудлар кесимида аҳоли жон бошига ЯҲМ миқдори бўйича энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилган. Бу кўрсаткич тахминан 5 минг долларга ошиб, 2025 йил якунларига кўра, 9,3 минг долларни (расмий статистикага кўра 9,2 минг доллар) ташкил этди.

2025 йилда мамлакатнинг қатор йирик ва ўрта шаҳарларида ҳам аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми юқори даражада бўлган. Жумладан, Навоий шаҳрида 9,3 минг доллар, Зарафшон шаҳрида 7,9 минг доллар, Самарқандда 7,2 минг доллар, Қўқон ва Андижонда 6,7 минг доллардан, Оҳонгарон, Янгийўл ва Бухорода эса мос равишда 5,8 мингдан 5,2 минг долларгача бўлган.

Мақолада ёзилишича, олинган натижалар тунги ёруғлик бўйича сунъий йўлдош маълумотлари расмий статистикани самарали равишда тўлдириши ва ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини тезкор баҳолашда қўлланилиши мумкин. Бундай ёндашув иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини аниқлаш, ҳудудларда инфратузилма ва инвестиция фаоллигини ривожлантириш учун давлат қўллаб-қувватлашини янада манзилли йўналтириш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш