Малайзияда очилган логистика маркази Ўзбекистон учун янги транзит имкониятлар яратади

Июнь 20, 2026. 13:30 • 2 дақ

81
Малайзияда очилган логистика маркази Ўзбекистон учун янги транзит имкониятлар яратади

КУАЛА-ЛУМПУР, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев ушбу мамлакатнинг Перлис штатидаги Паданг Бесар туманида қуруқлик порти логистика марказининг расмий очилиш маросимида қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу Султон Сайид Сиражуддин номидаги Перлис эркин иқтисодий зона Малайзия–Таиланд чегараси яқинида барпо этилган. Тантанали маросимда нутқ сўзлаган Перлис штати Султони Сайед Сиражуддин Сайед Жамалуллайл мазкур йирик лойиҳанинг ишга туширилишини Малайзияни минтақавий савдо ва логистика дарвозасига айлантиришга қаратилган стратегик қадам деб баҳолади.

Малайзия транспорт вазири Локе Сиоу Фук эса ушбу объектни АСЕАН минтақасини Яқин Шарқ ва Евроосиё билан боғловчи асосий қуруқликдаги савдо дарвозаси деб таърифлади ҳамда мазкур хабнинг Малайзия икки йўналишли темир йўл магистрали орқали Марказий Осиё ва Европа бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятларига алоҳида тўхталди.

Лойиҳа ижрочиси ҳисобланган “Mutiara Perlis Sdn Bhd” компанияси ижрочи раиси Шабаруддин Ибраҳимнинг таъкидлашича, янги логистика маркази Ўзбекистоннинг Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришда муҳим транзит нуқтаси вазифасини ўтайди.

Мазкур қуруқлик порти Марказий Осиёни АСЕАН минтақаси билан боғлайдиган Транс-Осиё темир йўл коридори тармоғининг узвий қисми сифатида фаолият юритади. Мазкур йўлак орқали Ўзбекистон маҳсулотлари Жануби-Шарқий Осиё бозорларига анъанавий денгиз транспортига қараганда 30–40 фоиз тезроқ ва арзонроқ нархларда етказиб берилади.

Шунингдек ўқинг

Шу муносабат билан, компания раҳбари порт ҳудудида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги икки томонлама юк оқимига хизмат қилувчи махсус контейнер терминалини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Умумий майдони 202,3 гектарни ташкил этувчи Перлис қуруқлик порти қурилишига жами 250 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Логистика маркази дастлабки босқичда йилига 600 минг контейнерни (TEU) ўтказиш қувватига эга бўлиб, яқин йилларда бу кўрсаткични 2 миллионтага етказиш режалаштирилган.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган ушбу йирик хаб Ўзбекистон маҳсулотларининг Жануби-Шарқий Осиё бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш