Logo

Ўзбекистон элчиси ва Ҳиндистоннинг етакчи компания рахбари тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳа ташкил этишни муҳокама қилди

Март 12, 2026. 09:00 • 2 дақ

189
Ўзбекистон элчиси ва Ҳиндистоннинг етакчи компания рахбари тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳа ташкил этишни муҳокама қилди

КОЛКАТА, 12 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг трикотаж ва ички кийимлар ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик корхоналаридан бири - «Rupa» компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Компания директори Рамеш Агарвал билан Ғарбий Бенгалияда бўлиб ўтган учрашув Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхонани ишга тушириш истиқболларига бағишланди.

«Rupa» Ҳиндистон бозорининг етакчи иштирокчиси ва халқаро миқёсда танилган бренд ҳисобланади. Компания эркаклар, аёллар ва болалар учун 8 мингдан ортиқ турдаги кийим-кечаклар ишлаб чиқаради, унинг йиллик айланмаси 150 миллион доллардан ошади. «Rupa» маҳсулотлари истеъмолчиларга яхши таниш бўлиб, Осиё, Африка, Америка ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади.

Рамеш Агарвал компаниянинг Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бозорларига чиқиш бўйича стратегик режалари ҳақида сўз юритди. У Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити ва кенг имкониятларни инобатга олган ҳолда, мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди. Томонлар янги экспорт бозорларини ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон тўқимачилик фабрикаларидан бири билан қўшма корхона ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди.

Ушбу музокаралар Ўзбекистон-Ҳиндистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигида янги босқични бошлаб беради. «Rupa» каби йирик компаниянинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши мамлакатимизнинг енгил саноат соҳасидаги глобал қўшимча қиймат занжирларига интеграциялашуви йўлидаги муҳим қадамдир.

Читайте также

«Rupa» билан ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга трикотаж маҳсулотлари тайёрлашда Ҳиндистоннинг илғор технологиялари ва сифат стандартларини ўзлаштириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳинд шеригининг глобал савдо тармоқларидан фойдаланган ҳолда мамлакатимиз экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ҳиндистоннинг етакчи компанияларидан бири томонидан билдирилган қизиқиш Ўзбекистон тўқимачилик тармоғидаги ислоҳотлар самарадорлигининг тасдиғи бўлиб, Жанубий Осиёнинг бошқа инвесторлари эътиборини ҳам жалб этади.

Эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, енгил саноат соҳасидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон шериклигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қулай шароит яратади.

Музокаралар якунида томонлар лойиҳани амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш учун Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш майдончаларини батафсил ўрганишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш