Logo

Ҳиндистон бизнес доиралари вакиллари V Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди

Февраль 17, 2026. 15:49 • 2 дақ

74
Ҳиндистон бизнес доиралари вакиллари V Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди

ДЕҲЛИ, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерациясида (Federation of Indian Chambers of Commerce & Industry - FICCI) давра суҳбати ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициявий имкониятлар тақдимотини ўтказишдан иборат бўлди. Мамлакатнинг энг нуфузли ташкилотларидан бири ҳисобланадиган ушбу уюшмадаги тадбирда Ҳиндистон ишбилармон доираларининг 50 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев иштирокчиларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Алоҳида эътибор махсус эркин иқтисодий зоналар ва саноат паркларининг афзалликларига қаратилди. Ушбу мажмуаларда хорижий инвесторлар учун кўзда тутилган салмоқли солиқ имтиёзлари, преференциялар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қайд этилди.

Шунингдек, тўқимачилик саноати, энергетика, фармацевтика, кон-металлургия тармоғи, қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялар каби муҳим соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари диққат марказида бўлди.

Дипломат икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик устувор йўналишга айланганини таъкидлади. Бунинг ёрқин тасдиғи сифатида 2025 йил якунларига кўра ўзаро савдо айланмаси 1,33 миллиард АҚШ долларига етгани қайд этилди. Бу кўрсаткич Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди томонидан белгилаб берилган стратегик вазифаларнинг амалий ижроси бўлди.

«Савол-жавоб» сессияси давомида ҳинд бизнеси вакиллари Ўзбекистонда тадбиркорлик юритишнинг амалий жиҳатлари бўйича тушунтиришлар олди. Компаниялар вакиллари ислоҳотларнинг изчиллиги ва яратилган шароитларни юқори баҳолаб, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли лойиҳаларга қизиқиш билдирди.

Ҳиндистонлик тадбиркорлар яратилган инвестиция иқлими стратегик шериклик учун кенг имкониятлар очаётганига ишонч билдирди.

Учрашув якунида FICCI раҳбарияти билан Ўзбекистонга йирик бизнес-делегация ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, барча иштирокчилар жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумига расман таклиф этилди.

Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиши тадбирга бўлган қизиқишни янада ошириб, учрашувнинг мазмунли якуни бўлди.

1927 йилда Маҳатма Ганди ташаббуси билан ташкил этилган FICCI ҳудудий палаталар тармоғи орқали 250 мингдан ортиқ компанияни бирлаштиради ва Ҳиндистон бизнеси ҳамда ҳукумати ўртасидаги асосий кўприк ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш