Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси йилнинг дастлабки икки ойида 11,6 миллиард доллардан ошди
Апрель 01, 2026. 10:03 • 2 дақ
• 100
ТОШКЕНТ, 1 апрель. /“Дунё” АА/. 2026 йилнинг январь–февраль ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 11,6 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,1 фоизга ёки 767,4 миллион долларга ошган. Ташқи савдо таркибида экспорт ҳажми 3,5 миллиард долларни, импорт эса 8,1 миллиард долларни ташкил этди.
Жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида Ўзбекистон дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Бу мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолияти географияси тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Ташқи савдо айланмасидаги энг юқори улушга эга бўлган асосий ҳамкор давлатлар:
- Хитой — 27,5 %;
- Россия — 18,3 %;
- Қозоғистон — 7,2 %;
- Туркия — 3,6 %;
- Корея Республикаси — 2,7 %.
Ташқи савдо айланмасининг жадал ўсиши ва ҳамкорлик географиясининг кенгайиши Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига изчил интеграциялашаётгани ҳамда халқаро савдонинг фаол иштирокчиси сифатида ўз позицияларини мустаҳкамлаётганини кўрсатмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси