Покистон компаниясининг ишчи гуруҳи Янги Тошкентда уй-жой ва тижорат объектларини қуриш шартларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради

Октябрь 15, 2026. 08:10 • 2 дақ

• 166
Покистон компаниясининг ишчи гуруҳи Янги Тошкентда уй-жой ва тижорат объектларини қуриш шартларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради

ИСЛОМОБОД, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Vision Group” компаниялар гуруҳи раҳбарияти билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот аввалида Покистон томони Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан замонавий шаҳарлар, уй-жойлар ва инфратузилмаларни барпо этиш бўйича ташаббуслар, “Янги Тошкент” шаҳри лойиҳаси билан батафсил таништирилди. Шунингдек, юртимизга қурилиш соҳасига сармоя киритаётган хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар тўғрисида айтиб ўтилди. 

Музокаралар давомида мазкур компаниянинг Янги Тошкент ҳудудида йирик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Покистон томонига Янги Тошкент лойиҳаси доирасида давлат томонидан инфратузилма ва муҳим ижтимоий объектларни барпо этишга катта маблағлар йўналтирилаётгани, бугунги кунга қадар янги шаҳарга 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритилгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, “Янги Тошкент”учун жами 20 минг гектар ер майдони ажратилгани, биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда 50 миллиард АҚШ доллари қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилгани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

“Vision Group” вакиллари Янги Тошкент лойиҳасини юқори баҳолаб, уни жозибадор ва истиқболли инвестиция йўналиши сифатида кўриб чиқаётганини маълум қилди.

– Биз “Янги Тошкент” ҳудудида йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштиряпмиз, – деди компания вакили. – Лойиҳа замонавий турар-жой бинолари, боғлар, сайилгоҳлар, фавворалар, умумий овқатланиш объектлари, савдо ва кўнгилочар марказлар, шунингдек, аҳоли ва хорижий меҳмонлар учун қулай ижтимоий ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини қамраб олади.

Суҳбат чоғида, таклиф этилаётган мазкур лойиҳа тақдимотини ўтказиш мақсадида компания ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди.

 “Vision Group” компаниялар гуруҳи 1990 йилда ташкил этилган.  Гуруҳ кўчмас мулк қурилиши ва оммавий ахборот воситалари, киноиндустрия, фармацевтика, таълим, архитектура ва дизайн соҳаларида фаолият юритади.

Сўнгги 22 йил давомида гуруҳ Покистоннинг турли шаҳарларида умумий майдони 2,6 минг гектар бўлган йирик шаҳарсозлик ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширган. Бугунги кунда компания активлари 7 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш