Ўзбекистон–Хитой иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришнинг янги имкониятлари белгилаб олинди
Август 10, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 72
НАНКИН, 10 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхайдаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка бағишланган бизнес-форум ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хитойнинг Цзянсу провинциясида ташкил этилган тадбирда ҳудуднинг турли вазирлик ва идоралари, савдо-саноат палаталари, ишбилармон доиралар ҳамда етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Форумда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик муносабатлар жадал ва барқарор ривожланаётгани таъкидланди. Икки мамлакат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифлари фаоллашгани алоҳида қайд этилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, ҳудудларнинг савдо-иқтисодий салоҳияти, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлар ҳамда мамлакатнинг туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, амалга оширилаётган йирик қўшма лойиҳалар ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли режалар ҳақида маълумот берилди.
Хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қўшимча инвестициялар жалб этиш, янги турдаги ва юқори сифатли маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалаларида ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.
Цзянсу провинцияси Савдо департаменти вакили Чэнь Сяодун Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Хусусан, 2025 йилда Цзянсу провинцияси ва Ўзбекистон ўртасидаги импорт ва экспорт ҳажми сезиларли даражада ошгани, провинциянинг етакчи компаниялари юртимизда бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга сармоя киритгани қайд этилди.
Форум якунида G2B ва B2B форматидаги музокаралар бўлиб ўтди ва уларнинг натижалари бўйича бир қатор ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорлик келишувига эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси