“Em Insight”: “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қитъанинг иқтисодий харитасини қайта шакллантиради

Август 10, 2026. 10:00 • 2 дақ

60
“Em Insight”: “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қитъанинг иқтисодий харитасини қайта шакллантиради

ЛОНДОН, 10 август. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг оммабоп “Em Insight” журналида Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг интервьюси чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

СМТИ вакилининг қайд этишича, ушбу йирик инфратузилма лойиҳаси нафақат транспорт-логистика тармоғини янгилайди, балки бутун Марказий Осиёнинг геосиёсий ва геоиқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартиради.

Интервьюда таъкидланишича, лойиҳани амалга ошириш суръатлари дастлабки жадваллардан ўзиб кетмоқда. Аслида беш йилга мўлжалланган ушбу “аср қурилиши”ни эндиликда муддатидан бир йил олдин фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Ҳозирда Қирғизистондаги белгиланган 107 та участканинг 83 тасида фаол қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва унга 10 мингдан ортиқ мутахассис ҳамда 7 мингга яқин оғир техника жалб этилган.

Акрамжон Неъматовнинг сўзларига кўра, янги магистралнинг лойиҳавий ўтказиш қуввати йилига 15 миллион тоннагача юкни ташкил этади. Таққослаш учун, 2025 йилда Қирғизистоннинг бутун миллий темир йўл тизими орқали 10,5 миллион тонна юк ташилган. Ушбу йўл Хитойдан Европа ва Яқин Шарққа олиб борадиган масофани қарийб 900 километрга, етказиб бериш муддатини эса 7–8 кунга қисқартиради.

Шунингдек ўқинг

Мутахассис алоҳида урғулаганидек, мазкур магистрал Ўзбекистоннинг транзит хаб сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа бозорларига чиқишни таъминлайди. Шунингдек, у Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларини бирлаштирувчи синергетик тармоқ ҳосил қилиб, “Транскаспий” (Ўрта коридор) ва “Трансафғон” транспорт йўлаклари билан интеграциялашади.

Мақолада, шунингдек, лойиҳанинг саноат ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига эътибор қаратилган. Темир йўл бўйлаб махсус саноат ва логистика зоналари, жумладан, Макмал қайта юклаш станцияси каби йирик хаблар ташкил этилади. Бу эса Фарғона водийси ва чекка тоғли ҳудудларни ишлаб чиқариш ва инвестиция марказларига айлантиришга, сайёҳлар оқимини оширишга ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

“Ушбу темир йўл Марказий Осиёни шунчаки хом-ашё ёки транзит ҳудудидан мустақил ишлаб чиқариш, логистика ва қўшилган қиймат яратиш марказига айлантиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади”, — дейилади “Em Insight” журналида эълон қилинган мақолада.c

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш