Logo

Словакияда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ноябрь 11, 2024. 17:48 • 2 дақ

106
Словакияда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

БРАТИСЛАВА, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Словакиядаги элчихонаси томонидан (қароргоҳи Вена шаҳрида) ушбу давлатнинг Турчьянске-Теплице шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман Словакия Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги ҳамда "Эксимбанк" томонидан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари бизнес-форуми доирасида бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё давлатларининг Словакиядаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, маҳаллий вазирлик ва компаниялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.


Форумнинг очилиш қисмида Словакия ташқи ва Европа ишлари вазири ўринбосари Растислав Хованец ҳамда "Эксимбанк" ижрочи директори Растислав Подгорец нутқ сўзлаб, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида катта ўзгаришлар бўлаётганлигини, дунёда юз бераётган турли инқирозларга қарамасдан давлатлар барқарор ва юқори суръатларда ривожланишда давом этаётганлигини, словак компаниялари учун Марказий Осиё давлатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга катта имкониятлар очилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.


Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов мамлакатимизнинг инвестицион салоҳиятини тақдим қила туриб, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий ҳамкорлар билан яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш бўйича эришилаётган натижалар тўғрисида батафсил маълумот берди. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар, хорижий ҳамкорлар билан текстиль, кимё, озиқ-овқат, фармацевтика саноати соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар, эркин иқтисодий зоналарда яратилган шароитлар словак компаниялари вакилларида катта қизиқиш уйғотди.


Шунингдек, Ўзбекистон-Словакия иқтисодий муносабатларини ривожлантириш мақсадида словак компанияларига кимё, машинасозлик, қурилиш, инфраструктура ва бошқа соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифи билдирилди. Мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм имкониятларига бағишланган видеороликлар иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.


Марказий Осиё давлатларида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, банк-молия соҳасидаги имкониятлар, маҳсулотлар экспорти ва импортида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар билан боғлиқ масалалар "Эксимбанк" ижрочи директори Растислав Подгорец, Словакия инвестиция ва савдони ривожлантириш агентлиги  департаменти бошлиғи Эгон Зорад, "Betamont" компанияси ижрочи директори Ондрей Мациак, "Toolshed Slovakia" компанияси ижрочи директори Дмитро Тищенко ва "Avesta Investment Group" асосчиси Қодир Норов томонидан панель муҳокамаси шаклида кўриб чиқилди.


Бизнес-форумнинг иккинчи қисмида "B2G" форматидаги музокаралар бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз элчиси Бахтиёр Ибрагимов "SARIO", "Экзимбанк", "Betamont", "MicroStep – MIS", "Virtual Reality Media", "Grand Power", "Neografia", "Artman Technologies"  сингари етакчи словак компаниялари вакиллари билан икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.


 Якунда банк-молия, автомобиль йўллари қурилиши, авиация, полиграфия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш