Logo

Лондон шаҳрида Ўзбекистон-Буюк Британия бизнес-форуми ўтказилди

Июнь 20, 2025. 07:15 • 49 сония

87
Лондон шаҳрида Ўзбекистон-Буюк Британия бизнес-форуми ўтказилди

ЛОНДОН, 20 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон банклари ва корхоналари вакилларидан иборат делегация 17-18 июнь кунлари Лондонда бўлиб ўтган "Халқаро қарз олувчилар ва облигация инвесторлари форуми"да қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги устувор соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган бизнес-форум ташкил этилди.

Тадбирда Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича махсус савдо вакили Лорд Олдердайс, Британия Савдо ва бизнес вазирлиги раҳбарияти ҳамда мазкур мамлакатнинг етакчи молиявий институтлари ва компаниялари вакиллари қатнашди.

Лорд Олдердайс ўз нутқида, жорий йилда Ўзбекистон-Британия ҳамкорлиги мазмунан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Британия ҳукуматининг юқори мартабали вакили молиявий соҳадаги ҳамкорликка алоҳида урғу бериб, Ўзбекистон ҳукумати ва компаниялари томонидан Лондон фонд биржасида еврооблигацияларнинг муваффақиятли жойлаштирилаётганини эътироф этди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида Буюк Британия билан икки томонлама музокаралар якунлангани алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида, шунингдек, Ўзбекистон ва Британия вакиллари ўртасида халқаро капитални жалб қилиш масалаларида икки томонлама музокаралар ҳам ташкил этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш