Тошкент вилояти ва Венгриянинг Зала вармедьеси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар янги босқичга кўтарилади
Ноябрь 20, 2024. 11:01 • 3 дақ
• 349
БУДАПЕШТ, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ва Венгрия ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтириш доирасида мамлакатимиз элчиси Ойбек Шахавдинов ва дипломатик миссияси ходимлари амалий ташриф билан Венгриянинг Зала вармедьесига (вилояти) борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти билан машҳур бўлган Зала вармедьеси Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини таклиф қилмоқда. Ташриф чоғида ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестиция, технологиялар ва маданий тажриба алмашишнинг стратегик аҳамияти таъкидланди.
Шунингдек, сафар давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, савдо, инвестиция ва маданият соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Тошкент вилояти ва Зала вармедьеси ўртасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Вармедьенинг расмий ва ишбилармон доиралари, жумладан, Зала провинцияси Ассамблеяси раиси Аттила Пал, вармедье губернатори Рожа Шифтер, Савдо-саноат палатаси раиси Дежё Ковач, Паннония университети ректори, профессор Янош Абоньи, Паннония университети фонди Васийлик кенгаши раиси Золтан Биркнер билан музокаралар ўтказилди.
Икки вилоят компаниялари иштирокида бизнес-форум, шунингдек, икки давлат маданият кунларини ўтказиш билан Тошкент вилояти ва Зала вармедьеси ўртасида мунтазам ташрифлар алмашинувини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
"Ўзбекистон билан савдо ва инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида қурилиш, транспорт, логистика, нефт-газ, ўрмончилик, металлургия ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган Венгриянинг 10 дан ортиқ компаниялари раҳбарлари қатнашди.
Иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларидаги салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Венгрия компаниялари вакиллари Ўзбекистондаги савдо ва инвестициявий лойиҳаларини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Венгрия компаниялари учун Тошкент вилоятида очилаётган саноат зонасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш таклифи илгари сурилди.
Паннония университети раҳбарияти таълим ва академик ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан яқин алоқаларни ўрнатиш, жумладан "икки томонлама диплом" бериш дастури орқали талабалар алмашинувини йўлга қўйишга бўлган қизиқишини тасдиқлади.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорлик, маданий алмашинув ва фан-таълим соҳасидаги шерикликнинг янги истиқболларини очиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Иккала томон ҳам ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш, ҳам Венгрия, ҳам Ўзбекистон учун узоқ муддатли фойда келтирадиган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси