Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили илк бор Ўзбекистонга ташриф буюради
Февраль 13, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 845
ЛОНДОН, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайс билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида томонлар Жон Олдердайснинг жорий йил 14–20 февраль кунлари Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифининг ташкилий ва мазмунли жиҳатларини атрофлича муҳокама қилди.
Суҳбатдош Ўзбекистонга сафарини интиқлик билан кутаётганини маълум қилиб, ўзбек томонига ташрифни юқори савияда ташкил этишга қаратилган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Британиялик мутахассис Ўзбекистон вакиллари билан савдо-инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, стратегик соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ниятида эканини қайд этди.
Хусусан, ташриф доирасида “Ўзбекистон–Британия инфратузилма конференцияси” ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирга Британия ишбилармон доиралари катта қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, лорд Олдердайс ташрифи кун тартибида таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси