Туркиянинг Каҳраманмараш шаҳрида ўзбек халқининг буюк аждодларидан бирининг ҳайкали ўрнатилиши мумкин
Август 08, 2025. 18:09 • 2 дақ
• 67
КАҲРАМАНМАРАШ, 8 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров амалий ташриф билан Туркиянинг Каҳраманмараш вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида элчи Илҳом Ҳайдаров Каҳраманмараш вилояти губернатори Мукаррам Унлуэр ва шаҳар мэри Фират Гўргел билан музокара ўтказди.
Хусусан, Каҳраманмараш вилояти губернатори Мукаррам Унлуэр билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ўртасида қарор топган самимий ва дўстона муносабатлар ҳудудлараро ҳамкорликка муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва Каҳраманмараш вилояти ўртасидаги шериклик изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Томонлар Каҳраманмараш вилояти ишбилармон доиралари билан текстиль, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик соҳаларида Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдилар.
– Ўзбекистон туркий халқлар ва жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси билан Туркиядаги ҳар бир кишининг қалбидан алоҳида ўрин эгаллаган, – деди вилоят губернатори Мукаррам Унлуэр. – Икки йил аввал Туркияда содир бўлган зилзилалар вақтида ўзбек халқи томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдамини турк халқи ҳеч қачон унутмайди.
Яқинда эса оиламни ота юртимиз – Ўзбекистонга юбордим. Улар жуда катта таассуротлар билан қайтди. Ўзим ҳам Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштиряпман. Мен Ўзбекистонда кечаётган ортга қайтмас ислоҳотлар жараёни диққат билан кузатаяпман ва қардошларингиз ўлароқ, сизнинг ютуқларингиз билан фахрланаман".
Каҳраманмараш шаҳри мэри Фират Горгел билан кечган мулоқот чоғида 2022 йилда Андижон ва Каҳраманмараш ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш, делегациялар алмашинувини кўпайтириш ва ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Мэр Фират Горгел Каҳраманмараш шаҳридаги кўчалар ва боғлардан бирига Ўзбекистон билан боғлиқ ном берилишини маълум қилди.
Музокаралар якунида, Каҳраманмараш шаҳрида ўзбек халқининг буюк аждодларидан бирининг ҳайкалини ўрнатиш бўйича лойиҳани биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади