Ўзбекистон ва Эрон савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Октябрь 20, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 90
Ўзбекистон ва Эрон савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ТЕҲРОН, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Фариддин Насриев Эрон кооперативлар палатаси раҳбари Баҳман Абдуллаҳи билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда икки томонлама савдони кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва касб тажрибаси алмашинувини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, қўшма лойиҳалар истиқболларини ўрганиш мақсадида Эрон ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди.

Эрон томони Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган шароитлар мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Транспорт-логистика ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар авиақатновларни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш, муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ҳамда тегишли идоралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади.

Музокаралар якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича ишларни давом эттириш ҳамда савдо, инвестиция ва транспорт логистикаси соҳаларида амалий натижаларга эришишга кўмаклашиш бўйича келишувга эришдилар.

1994 йилда асос солинган Эрон кооперативлар палатаси (Iran Chamber of Cooperatives, ICC) Эрон кооператив секторининг олий нодавлат вакиллик органи ҳисобланади. Мамлакатда 104 мингдан ортиқ кооператив фаолият юритиб, улар 18 миллиондан зиёд иштирокчини бирлаштиради ва 1,8 миллион иш ўрнини таъминлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш