Logo

Ўзбек маҳсулотларини Кувайт бозорига экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди

Апрель 28, 2026. 09:00 • 2 дақ

457
Ўзбек маҳсулотларини Кувайт бозорига экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди

АЛ-КУВАЙТ, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов Кувайт савдо ва саноат вазири Осама Холид Абдулла Будай билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат давомида Ўзбекистондан Кувайтга озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш ва бу йўналишда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот жараёнида Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар, уларнинг мавсумий тақвими, Кувайт бозори учун тайёрланган маҳсулотлар, мавжуд транспорт коридорлари ҳамда Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Осама Холид Абдулла Будайга шу йил июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун таклифнома топширилди.

Кувайт вазири икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон (ёки Туркия)–Ироқ орқали Кувайтга маҳсулот етказиш транспорт йўналишини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, у ҳозирги геосиёсий вазият туфайли Кўрфаз давлатлари Эрон орқали келадиган юкларга эҳтиёткорлик билан ёндашаётганини таъкидлади. Бу Эроннинг Бандар-Аббос порти ва Ҳўрмуз бўғози орқали ташиш имкониятларини чеклаб қўймоқда.

Осама Будайнинг фикрича, Кувайтни транзит хаб сифатида ишлатиб, маҳсулотларни Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн, БАА ва Ўмонга етказиш мумкин. Шунингдек, ҳаво орқали ташишда Эрон ҳудудини айланиб ўтиш харажатларни ошириши ва маҳсулот нархига таъсир қилиши қайд этилди.

Учрашув якунида вазирлик томонидан Ўзбекистон учун алоҳида мутахассис ажратилиши, энг қулай, хавфсиз ва арзон логистика йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрланиши маълум қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш