Ўзбекистон ва Покистон темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради
Июнь 17, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 256
ИСЛОМОБОД, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон темир йўллари вазири Муҳаммад Ҳаниф Аббаси билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида вазир Муҳаммад Ҳаниф Аббаси жорий йил 5–6 февраль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларини юксак баҳолади. Мазкур ташриф доирасида транспорт, айниқса темир йўл соҳасида икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим келишувларга эришилгани алоҳида таъкидланди.
Покистон томонининг таъкидлашича, ушбу келишувлар нафақат Ўзбекистон ва Покистон, балки Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамият касб этади.
Хусусан, “Термез–Найбобод–Логар–Харлачи” йўналишида барпо этилиши режалаштирилган Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳаси минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқаро юк ташувлари учун янги ва самарали транспорт йўлакларини шакллантиришга хизмат қилувчи йирик инфратузилмавий ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, томонлар мулоқот давомида олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва изчил амалга ошириш, хусусан, Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш жараёнини жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди.
Учрашув якунида кўриб чиқилган масалаларни Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари мутасаддилари билан батафсил муҳокама қилиш мақсадида Покистон темир йўллари вазири бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси