Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳияти Италия ва жаҳон брендларига тақдим этилди
Октябрь 20, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 133
РИМ, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ҳамда “Ernst & Young” (EY) халқаро консалтинг компанияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон тўқимачилик саноати: Европа таъминот занжирлари учун имкониятлар” мавзусида вебинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Италия ва жаҳоннинг тўқимачилик ҳамда мода индустриясининг етакчи компаниялари, жумладан, “Alviero Martini”, “Benetton”, “Bertolo Cashmere”, “Frette”, “Ralph Lauren” ва “Gabel Group” вакиллари иштирок этди.
Вебинарни Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев ва Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Руҳулло Зикриллаев очиб берди.
Қатнашчиларга Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалдаги ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тайёр маҳсулотларни Европа бозорига етказиб бериш истиқболлари ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“EY” экспертлари Европанинг тўқимачилик маҳсулотлари таъминот занжирларининг ҳуқуқий жиҳатлари, экологик ва ижтимоий талаблар, товарларнинг келиб чиқишини аниқлаш қоидалари, шунингдек, Ўзбекистон учун “GSP+” преференциал режимидан фойдаланиш имкониятлари хусусида сўз юритдилар.
Вебинар давомида Италия компанияларининг буюртмалари асосида тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва ўзбек ишлаб чиқарувчиларидан тайёр маҳсулотларни тўғридан-тўғри харид қилишни назарда тутувчи ҳамкорлик моделлари ҳам кўриб чиқилди. Бунда маҳсулот сифати, халқаро сертификатлаш, шартнома шартлари, ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш ва таъминот занжирларининг шаффофлигига алоҳида урғу берилди.
Тадбир якунида томонлар манфаатдор итальян компаниялари ва Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри B2B музокараларини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси