Абу-Дабида Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ташкил этилди
Июль 11, 2025. 07:25 • 59 сония
• 94
АБУ-ДАБИ, 10 июль. /"Дунё" АА/. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форум Ўзбекистон элчихонаси томонидан "EurAsia Gulf" уюшмаси ва "Capital Club Dubai" компанияси билан биргаликда ташкил этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида БАА бизнеси вакилларини яқиндан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда тиббиёт, транспорт, қурилиш, спорт менежменти, консалтинг соҳаларидаги ишбилармон доиралари вакиллари ва молия ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилганлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари, солиқ тизимини соддалаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича дастурлар билан танишдилар. Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги хорижий инвесторлар кенгаши фаолияти, рақамлаштирилган электрон ҳукумат хизматлари ва валюта бозорини либераллаштиришга оид муҳим маълумотлар ҳақида таъкидланди.
Ўзбекистонда энергетика, тоғ-кон ва геология, фармацевтика саноати, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифи билдирилди. Шунингдек, ушбу лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдирган БАА компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини уюштириш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, тадбир давомида БАА ишбилармон доиралари вакиллари эътиборига Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси, сайёҳлик ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган видеолавҳалар намойиш этилди.
Форум якунида савдо-иқтисодий, туризм ва инвестициявий ҳамкорликни бошлаш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишда зарур шароитларни яратиш бўйича келишув эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади