Деҳлида Қорақалпоғистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Декабрь 14, 2025. 09:00 • 2 дақ
• 87ДЕҲЛИ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг етакчи савдо-саноат палаталаридан бири – «PHD Chamber of Commerce and Industry» (PHD CCI) майдонида Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Ҳиндистоннинг 20 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди ҳамда ҳинд ишбилармон доираларининг мамлакатимиз бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат берди.
Тақдимот давомида дипломатик миссия вакиллари ва Нукусдан келган экспертлар ҳиндистонлик шерикларни Ўзбекистонда хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратаётган изчил ислоҳотлар билан атрофлича таништирди.
Муҳокамаларнинг марказий мавзуси Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тақдим этилаётган ноёб имкониятлар бўлди.
Ҳиндистон бизнес ҳамжамияти вакилларига Қорақалпоғистонда хорижлик инвесторлар фойдаланиши мумкин бўлган асосий афзалликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларини назарда тутувчи махсус ҳуқуқий режим, тайёр инфратузилмага эга махсус иқтисодий зоналар ва саноат паркларида корхоналар ташкил этиш имкониятлари, ер ижарасининг имтиёзли шартлари ҳамда лойиҳаларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида сўз юритилди.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик барқарор ўсиш суръатларини кўрсатаётганини таъкидлади. Жорий йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард АҚШ долларидан ошиши мумкинлиги урғуланди. Бу эса икки мамлакат етакчилари томонидан белгиланган муҳим стратегик мақсадга эришилаётганининг тасдиғидир.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун истиқболли йўналишлар сифатида тўқимачилик саноати, фармацевтика ва тиббиёт ускуналари ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва аутсорсинг, кимё саноати, «яшил» энергетика ҳамда туризм соҳалари белгилаб олинди.
Савол-жавоб тарзида ўтган қизғин мулоқот давомида ҳинд тадбиркорлари Ўзбекистонда фаолият юритишнинг амалий жиҳатлари бўйича батафсил тушунтиришлар олди.
Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган янгиланиш кўламини юқори баҳолаб, мамлакат бозори ўзаро манфаатли шериклик учун ишончли ва узоқ муддатли истиқболга эга эканига ишонч билдирди.
PHD Chamber of Commerce and Industry (PHD CCI) 1905 йилда ташкил этилган бўлиб, Ҳиндистоннинг энг нуфузли нодавлат бизнес ассоциацияларидан бири ҳисобланади. У 150 мингдан ортиқ компанияни бирлаштиради ва бизнес ҳамда давлат ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда муҳим мавқега эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Сирдарё вилояти делегацияси Хитой тажрибасини ўрганмоқда
Покистон билан чармсаноат бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади
Германия билан инновация соҳасида янги лойиҳалар йўлга қўйилади

