Покистон билан чармсаноат бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади
Декабрь 12, 2025. 09:39 • 2 дақ
• 75ГУЖРАНВАЛА, 12 декабрь. /“Дунё” AA/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Гужранвала шаҳрига ташрифи давомида Гужранвала чарм-технологиялари институти директори Муҳаммад Атҳер Раза Заиди билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дастлаб институт фаолияти билан танишилди. Институт раҳбари Муҳаммад Атҳер Раза Заиди билан икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, терини қайта ишлаш йўналишида кадрлар тайёрлаш, ўзбекистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли малака курсларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон элчиси Покистон томонига мамлакатимизда чарм саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди. Мазкур соҳада иш ўрни ва экспортбоп маҳсулот яратадиган, юқори даромад келтирадиган кичик ва ўрта корхоналар сони ортаётгани, тадбиркорлик учун кенг шароит яратилгани, чармга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил қилингани маълум қилинди.
Мазкур билим юрти раҳбарияти билан чарм маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишида малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан Ўзбекистон томони билан шерикликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон томони барча йўналишларда ҳамкорлик, хусусан, чарм-терини қайта ишлаш бўйича янги технологияларни жалб этишга кўмаклашишга тайёрмиз”, – дейди институт директори Муҳаммад Атҳер Раза Заиди.
Музокаралар натижасида шерикликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Гужранвала Чарм-технологиялари институти ва “Ўзбекистон чармсаноат” уюшмаси мутасаддилари ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этишга келишиб олинди.
Гужранвала Чарм-технологиялари институти 1949 йилда Покистон ҳукумати томонидан ташкил этилган. Институт чармга ишлов бериш ва пойабзал ишлаб чиқариш технологиялари йўналишларида қисқа ҳамда 1 йилдан 4 йилгача бўлган касбий таълим курсларини таклиф этади. Битирувчиларга Покистон техник таълим ва касбий тайёргарлик агентлиги томонидан тасдиқланган сертификат ва диплом тақдим этилади. Ҳозирги вақтда таълим муассасасида 150 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Германия билан инновация соҳасида янги лойиҳалар йўлга қўйилади
Ўзбекистон–Покистон ўртасида банклараро ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилади
Карачида “Ўзбекистон–Покистон саноат зонаси”ни барпо этиш бўйича келишувга эришилди
Берлин марказида Ўзбекистон савдо уйи иш бошлади


