Германия билан инновация соҳасида янги лойиҳалар йўлга қўйилади
Декабрь 11, 2025. 11:33 • 3 дақ
• 90
БРАУНШВАЙГ, 12 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов Бундестагнинг Ҳуқуқ ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари Карстен Мюллер таклифига кўра, унинг сайлов округи – Брауншвайг шаҳрида ишчи ташриф билан бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Европада етакчи бўлган мултимодал инновацион бизнес ва илмий-тадқиқот кластери фаолияти билан танишди. Ушбу корхона инновацион технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари, мобиллик-автомобилсозлик, авиация, темир йўл ва бошқа соҳаларни ўз ичига олган. Учрашув давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Германиянинг етакчи Фраунхофер тадқиқотлар жамияти ва Брауншвайг техника университети томонидан татбиқ қилинаётган “Водород терминали” лойиҳаси доирасида Фраунхофер жамиятининг Қатламларни ва ер юзасини ўрганиш институти, Брауншвайг техника университетининг Барқарор ишлаб чиқариш ва ҳаётий цикл муҳандислиги институти раҳбари профессор Кристоф Херманн билан учрашув ўтказилди.
“Водород терминали” тадқиқот лойиҳаси водород занжиридаги технологияларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, моделлаштириш ва синовдан ўтказишга қаратилган. Қайта тикланадиган энергияни транспортировка қилиш ва сақлаш энергетик ўтишнинг энг муҳим муаммоси сифатида тарифланмоқда. Ечим энергия ташувчи сифатида водороддан фойдаланиш технологиялари билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилади.
Лойиҳа доирасида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб, электролиз усули билан водород ишлаб чиқарилади, сўнгра автомобиль транспорти ёки маҳаллий водород қувури орқали ташилади ва сақланади.
Кристоф Херманн ва лойиҳада иштирок этаётган Гамбург университети техник электрокатализ лабораторияси раҳбари профессор Меҳтап Ўзаслан ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда тадқиқотларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Брауншвайг техника университетининг Қуйи Саксония автомобиль машинасозлиги соҳасида тадқиқотлар маркази (NFF) фаолияти билан танишилди.
Марказ бошқаруви кенгаши раиси Томас Фиторнинг сўзларига кўра, NFF ГФРдаги энг замонавий мобилликни тадқиқ қилиш марказларидан бири бўлиб, транспорт воситалари ва йўл ҳаракати соҳасидаги истиқболли мавзуларни таҳлил қилишга ихтисослашган. Марказда 160 дан ортиқ мутахассислиги бўйича олим ва тадқиқотчилар фаолият юритади. Унинг фаолияти учун 60 миллион евро қийматидаги молиялаштириш жалб қилинган.
Транспорт технологиялари ва фойдаланиш моделларини ривожлантиришга қўйиладиган мавжуд ижтимоий, экологик ва иқтисодий талабларга асосланиб, NFF барқарор мобиллик концепциясини ишлаб чиқишни олдига мақсад қилган.
Ушбу ташаббус доирасида бешта илмий тадқиқот йўналишида –автоматлаштирилган ва тармоқли ҳайдаш, эмиссиясиз транспорт воситалари ва қувватлаш қурилмалари/инфратузилмаси, транспорт воситаларининг мослашувчан концепциялари ва транспорт воситаларини ишлаб чиқариш, ҳаракатчанликни ўзгартириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект - ишлар олиб борилмоқда ва улар мегаполисларда ҳаракатчанликка бўлган индивидуал эҳтиёжларни барқарор таъминлашга қаратилган.
Немис томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган транспорт ва автомобиль саноати соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга ва тажриба алмашишга тайёрлигини маълум қилди.
“Invent GmbX” компанияси раҳбарияти Хенинг Вихманн ва Христоф Чепелар билан учрашувда юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Ушбу компания космонавтика ва авиация соҳалари учун инновацион технологиялар, толали композитлар асосида тегишли конструкцияларни тўлиқ циклда ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳозирда немис компанияси дунёнинг ушбу йўналишларда фаолият юритаётган йирик ва етакчи компанияларга ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Хориж томони ва юртимизнинг тегишли ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун музокаралар ташкил этишга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистон билан чармсаноат бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистон–Покистон ўртасида банклараро ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилади
Карачида “Ўзбекистон–Покистон саноат зонаси”ни барпо этиш бўйича келишувга эришилди
Берлин марказида Ўзбекистон савдо уйи иш бошлади