Умумтаълим мактаблари директорлари таълим муассасаси менежменти йўналишида Малайзияда амалиёт ўтади
Декабрь 14, 2025. 12:00 • 50 сония
• 116
КУАЛА-ЛУМПУР, 14 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг илғор умумий ўрта таълим муассасалари директорлари Малайзиянинг UNIMAS университети академиясида таълим муассасаси менежменти йўналишида амалиёт ўтади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Таълимда етакчилик ва бошқарув” мавзусидаги мазкур дастур ўзбек мактаблари директорларининг бошқарув, таълим сифати, педагогик раҳбарлик ва таълим муассасасини стратегик ривожлантириш бўйича глобал тажриба ҳамда замонавий компетенцияларини оширишга қаратилди.
Икки ҳафта давом этган малака ошириш курсларида ўзбекистонлик мактаб директорлари ресурсларни тақсимлаш, лойиҳадан амалиётга ўтиш тажрибаси, мактаб даражасида ҳисобдорликни таъминлаш, таълимга инновация ва технологияни интеграция қилиш ҳамда раҳбарият ва ўқитувчи-талаба ўртасида соғлом муносабатларни шакллантириш бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
Жумладан, делегация аъзоларининг Малайзия миллий университети қошидаги давлат мактаби ҳамда Sunway International School халқаро мактабига ташрифлари ташкил этилиб, ушбу таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишилди.
Амалиёт якунида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси иштирокида ўзбекистонлик таълим муассасалари раҳбарларига халқаро миқёсда тан олинган сертификатлар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистонлик мутахассислар Қатарда малака оширмоқда