Logo

Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини подшоҳлик бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди

Октябрь 24, 2023. 17:31 • 2 дақ

185
Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини подшоҳлик бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди

АР-РИЁЗ, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Кеча Саудия Арабистонда фаолият кўрсатадиган "Al Sumiri" компаниясининг харидлар ва логистика масалалари бўйича директори Саидаҳмад Муҳаммад билан учрашув бўлиб ўтди,  деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотларига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг озиқ-овқат ҳамда нефть маҳсулотлари йўналишларидаги компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини подшоҳликка экспорт қилиш билан боғлиқ масалалар мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.


Суҳбат чоғида "Al Sumiri" компанияси раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Подшоҳлик ўртасида ҳамкорлик кўлами барча соҳаларда тобора кенгайиб бораётгани, маҳаллий компанияларнинг Ўзбекистондаги шериклар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга бўлган интилишлари кучайиб бораётганини айтди. У ўзи раҳбарлик қилаётган компания ҳам мамлакатимиздаги ҳамкорлар билан ўзаро тижорий алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини айтди.


Суҳбатдош ўз компанияси ҳозирги пайтда озиқ-овқат, нефт маҳсулотлари, тўқимачилик ва логистика йўналишида фаолият олиб бораётганини маълум қилар экан, Ўзбекистонда бу йўналишларда катта имкониятлар мавжудлигини эътироф этди.


Компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича турли давлатлар, жумладан, Хитой, Иордания, Судан ва қатор араб давлатлари, гўшт маҳсулотлари импорти бўйича эса Бразилия ва Канада билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилиб, бундай маҳсулотларни Ўзбекистондан импорт қилиш қатор афзалликлар яратишини таъкидлади.


У мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда товуқ гўшти маҳсулотлари сифати ва таъми жиҳатидан юқори ўринда туришини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги "Golden Egg" ва "Navobod Naslli Parranda" компаниялари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.


Мулоқот доирасида элчихона вакиллари томонидан Ўзбекистонда инвестиция соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимиздаги маҳаллий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, тижорий таклифлар ва истиқболли инвестиция лойиҳаларига ҳам алоҳида урғу берилди.


Учрашув якунлари бўйича "Al Sumiri" компанияси ва мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ҳамда идораларининг вакиллари ўртасида видеомулоқот шаклида учрашув ўтказиш, ўзаро амалий сафарларни уюштириш ва ўзбек маҳсулотларини Подшоҳлик бозорларига олиб кириш бўйича логистика масалаларини ҳар томонлама ўрганиш асносида экспортни йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва жадал ривожлантиришга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш