Ўзбекистон Хитойнинг 100 дан ортиқ компаниясига ўз инвестициявий салоҳиятини тақдим этди
Ноябрь 05, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 45ДУНГУАНЬ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Дунгуань шаҳрида 100 дан ортиқ иқтисодий бирлашмалар ва етакчи компаниялар вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ташкил этилди. Унда иштирокчиларга мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятлари, ҳудудлар ва саноат тармоқларининг инвестициявий салоҳияти, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хитойлик тадбиркорларга Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари таништирилди.
Хитойнинг “Gan Shang Tianxia” ассоциацияси томонидан ташкил этилган алоҳида тақдимот Андижон вилоятининг иқтисодий салоҳиятига бағишланди. Иштирокчиларга минтақани ривожлантириш натижалари ва лойиҳаларни амалга оширишнинг муваффақиятли тажрибаси ҳақида таъкидланди
B2B форматдаги музокаралар доирасида томонлар логистика марказларини ташкил этиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, тўқимачилик ва мебель саноатида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунлари бўйича ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон ҳудудларига бизнес-миссиялар сериясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

