Logo

Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг инвестициявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти тақдим этилди

Июнь 30, 2025. 11:56 • 2 дақ

87
Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг инвестициявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти тақдим этилди

ДЕҲЛИ, 30 июнь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтган халқаро бизнес-конференцияда Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз инвестициявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳиндистон Глобал савдо ва технология кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатнинг етакчи кичик ва ўрта бизнес компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Элчи Сардор Рустамбоев Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, иқтисодиётнинг турли йўналишларида хорижий давлатлар ишбилармон доиралари вакиллари билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, уларнинг инвестициявий фаолияти учун яратилган жозибадор муҳит, Ҳиндистон компанияларининг мамлакатимиздаги муваффақиятли тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

Фармацевтика, тўқимачилик, ипак, чарм саноати, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мавжуд бўлган салмоқли салоҳиятга алоҳида эътибор қаратилди. 

Савдо-иқтисодий шерикликнинг ҳали тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлари, хусусан, Ўзбекистонда етиштириладиган экологик тоза ва ширин мева-сабзавотлар ва қуруқ меваларнинг Ҳиндистон бозорига экспорти ҳажмини ошириш имкониятлари урғуланди.

Глобал савдо ва технология кенгаши раиси Рашми Салужа Ўзбекистон-Ҳиндистон савдо-иқтисодий муносабатларининг истиқболларига тўхталиб, ҳиндистонлик тадбиркорларни мамлакатимиз билан фаол ҳамкорликка чақирди. У, шунингдек, Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган янгиланиш жараёнининг юқори аҳамиятини қайд этиб, халқаро майдонда Янги Ўзбекистон деган тушунча шакллангани, республика мутлақо янгича қиёфа касб этаётгани, бу ўзгаришлар йирик шаҳарлардан тортиб ҳудудлардаги кичик-кичик аҳоли пунктларида ҳам ўз ифодасини топаётганини эътироф этди.

Ҳиндистон делегациясининг IV Тошкент халқаро инвестиция форумидаги фаол иштироки ва эришилган икки томонлама келишувлар мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.

Бизнес-конференция доирасида Ҳиндистон компаниялари вакиллари билан Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва мамлакатимизда тайёрланаётган маҳсулотларининг экспорт ҳажмини кўпайтириш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш