Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва таълим салоҳияти тақдим этилди
Июль 22, 2025. 15:34 • 2 дақ
• 92
ДЕҲЛИ, 22 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Ҳиндистон Глобал савдо ва технологиялар кенгаши (Global Trade and Technology Council of India – GTTCI) томонидан ташкил этилган "Инвесторлар куни" халқаро форумида мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва таълим салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчи Сардор Рустамбоев Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли янгиланиш жараёни натижалари, иқтисодиётнинг турли жабҳаларида эришилаётган юксак натижалар, хорижий ишбилармон доиралари вакиллари билан жадал ривож топаётган шериклик алоқалари хусусида батафсил сўзлаб берди.
Изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистон билан муносабатлари мустаҳкамланаётгани, бу, жумладан, ўзаро савдо-сотиқ ҳажми ошаётгани, тўқимачилик, ахборот технологиялари, фармацевтика, таълим, туризм ва бошқа йўналишларда эришилаётган натижаларда ёрқин намоён бўлаётгани қайд этилди.
"GTTCI" раиси Рашми Салужа Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш, бу йўналишда халқаро ҳамкорлик қилиш учун яратилган қулай шароитлар ҳақида сўз юритди. У Ўзбекистонда ҳинд тадбиркорлари иштирокидаги қўшма корхоналар сафи кенгайиб бораётгани ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилаётганини урғулади.
Ҳиндистон Глобал савдо ва технологиялар кенгаши делегацияси жорий йил июнь ойида бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг турли компаниялари ва муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олган эди.
Хусусан, янги ўқув йилидан бошлаб "GTTCI" томонидан Қўқон университетининг Андижон филиалига Ҳиндистондан мунтазам тарзда талабалар жалб қилиш бўйича келишувга эришилган. Ушбу режалар ижроси доирасида 2025/2026 ўқув йилида мазкур олий таълим муассасасига 300 нафар ҳинд йигит-қизларини жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Келаси йил ушбу кўрсаткични 8 мингтага етказиш кўзда тутилмоқда. Талаба ёшлар Ўзбекистонда олган назарий билимларини Ҳиндистоннинг йирик даволаш масканларидан бири бўлган Гангарам шифохонасида амалий жиҳатдан мустаҳкамлаб боради.
Тадбирда, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритадиган "7 Saber" компаниясининг ишлаб чиқариш салоҳияти, бу ерда тайёрланаётган сифатли ва халқаро бозорда рақобатбардош маҳсулотлар, корхонанинг экспорт географияси тақдим этилди.
"Инвесторлар куни" тадбири доирасида Ҳиндистон компаниялари вакиллари билан Ўзбекистонда янги бизнес лойиҳаларини амалга ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва мамлакатимиз маҳсулотларининг экспорт ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокамасига йўналтирилган музокаралар ўтказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади