Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди
Ноябрь 20, 2025. 11:57 • 3 дақ
• 158
ИСЛОМОБОД, 21 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Харун Ахтар Хан Покистон ҳукуматининг Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар ижросини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича масъул вакил сифатида тайинлаган.
Тадбирда Покистоннинг барча асосий иқтисодий идоралари, Махсус инвестицияларни рағбатлантириш кенгаши, Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги, Нефть ва табиий ресурслар вазирлиги, Темир йўллар вазирлиги, Савдо вазирлиги, Иқтисодий ишлар вазирлиги, Марказий банк, Миллий банк ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилдилар.
Cаноат кооперациясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит ва логистика йўналишларидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар, геология ва фармацевтика тармоқларидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Элчи Алишер Тўхтаев ўз навбатида, Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг ҳолати ва истиқболларига тўхталиб ўтди. "Тошкент–Исломобод" ва "Тошкент–Лаҳор" йўналишларида ҳафтасига тўрт марта амалга оширилаётган мунтазам авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик, сайёҳлик ва расмий алоқалар учун қулай шарт-шароит яратмоқда. Шу билан бирга, ўзаро савдо, инвестиция ва туристлар оқимини кенгайтириш мақсадида "Карачи–Тошкент" йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи таклиф этилди. Карачи Покистоннинг йирик саноат ва молия маркази экани, Ўзбекистон эса минтақа транспорт логистикасида муҳим ўрин эгаллашини ҳисобга олганда, ушбу йўналиш икки томонлама ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлаши, шубҳасиз", – деди элчи.
Икки мамлакат расмий вакиллари ўртасида кечган музокаралар чоғида преференциал савдо битими бўйича амалий келишувларга эришилгани қайд этилди. Савдо имтиёзлари қамровини кенгайтириш мақсадида рўйхатни янада бойитиш йўналишида техник ишчи гуруҳлар иши давом этаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Покистон Савдо вазирлиги ўртасида ушбу масалани батафсил муҳокама қилиш мақсадида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинди.
Покистон Марказий банки вакили Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри молиявий операцияларни йўлга қўйиш мақсадида ушбу мамлакатнинг бир қатор тижорат банклари ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди. Мазкур масалани батафсил кўриб чиқиш ва амалий ечимларни келишиб олиш мақсадида Ўзбекистон Марказий банки ва Покистон Давлат банки ўртасида онлайн учрашув ташкил қилиш таклифи билдирилди.
Учрашувда геология ва кончилик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқотлар изчил давом этаётгани қайд этилди. Хусусан, Покистон Минерал қазиб олиш корпорацияси ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" ҳамкорлигида қўшма лойиҳалар амалга ошириш имкониятларига тўхталиб ўтилди.
Томонлар, шунингдек, Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ишларни жадаллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
"Tashkent Pharma Park" ҳудудида фармацевтика саноати бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга Покистон томони юқори қизиқиш билдираётгани таъкидланди. Ҳамкорликни тизимли ва барқарор асосда йўлга қўйиш мақсадида Покистоннинг Дори воситалари ва регуляция агентлиги ҳамда Ўзбекистоннинг ваколатли регулятор органлари ўртасида доимий ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Учрашувда, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси