Ўзбекистон элчиси ва Умумпокистон тўқимачилик уюшмаси раиси ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар
Октябрь 04, 2025. 11:33 • 2 дақ
• 46
ЛАҲОР, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрида Умумпокистон тўқимачилик уюшмаси раиси Камран Аршад билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида тўқимачилик кластерлари фаолияти, кам қувватда ишлаётган корхоналарни ҳамкорликда бошқариш истиқболлари ҳамда "GSP+" тизими орқали Европа Иттифоқи бозорига ҳамкорликда кириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Уюшма раҳбариятига Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, тўқимачилик саноатини жадал ривожлантириш ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Камран Аршад Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолаб, амалий ҳамкорликка тайёрлигини тасдиқлади. У уюшма аъзоларида Ўзбекистондаги тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва соҳавий фабрикаларни биргаликда бошқариш бўйича қизиқиш мавжудлигини қайд этди.
Мулоқот давомида уюшма раҳбарияти ва аъзолари 14-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган "Heimtextil Uzbekistan 2025" халқаро кўргазмасига таклиф этилди.
Ушбу тадбир Покистон компаниялари учун ўз имкониятларини намойиш қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорлик лойиҳаларини келишиш учун муҳим платформа бўлиши таъкидланди.
Учрашув якунида тўқимачилик соҳасида изчил ҳамкорлик қилиш, аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида ишчи мулоқотларни йўлга қўйиш, икки томон ишлаб чиқарувчилари ва инвесторлари ўртасида онлайн учрашувлар ташкил этиш, Умумпокистон тўқимачилик уюшмаси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини амалга оширишга келишиб олинди.
Умумпокистон тўқимачилик уюшмаси Покистоннинг энг йирик ва нуфузли тўқимачилик уюшмаси бўлиб, 300 дан зиёд аъзолар ва 400 дан ортиқ фабрикаларни бирлаштиради. Уюшма мамлакат умумий экспортининг қарийб 60 фоизини таъминлайди ва ялпи ички маҳсулотнинг 8,5 фоизини шакллантиради. Покистон тўқимачилик маҳсулотлари асосан АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Буюк Британия, Хитой, Бангладеш каби бозорларга етказиб берилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди