Фарғона вилояти ва Польшанинг Лодзь воеводалиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилади
Октябрь 06, 2025. 11:12 • 2 дақ
• 54
ВАРШАВА, 5 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Польшдаги элчихонаси дипломатлари ишчи сафари билан ушбу мамлакатнинг Лодзь воеводалигига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида воевода Дорота Риль ва маршал ўринбосари Пётр Войтисяк билан учрашувлар ўтказилди. Польша томони Ўзбекистонни Марказий Осиёда муҳим ҳамкор сифатида эътироф этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий соҳаларда Фарғона вилояти ва Лодзь воеводалиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Икки ҳудуд ўртасида ишчи алоқаларни йўлга қўйиш, қатор соҳаларда қўшма ташаббусларни кўриб чиқиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Лодзь савдо-саноат палатасида маҳаллий бизнес вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Дипломатлар Ўзбекистон-Польша иқтисодий ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистоннинг, хусусан Фарғона вилоятининг инвестициявий муҳити ҳамда ҳудудлараро шерикликнинг янги йўналишлари тўғрисида тақдимот ўтказишди.
– Ушбу тадбир компаниямиз учун жуда қимматли ва илҳомлантирувчи бўлди. Чунки биз экспорт стратегиясини ишлаб чиқяпмиз ва ҳамкорлик учун асосий минтақа сифатида Ўзбекистонга катта қизиқиш билдиряпмиз, – деди "Delia Cosmetics" компанияси бошқарувчи директори Марчин Поляк. – Биз Ўзбекистонга, унинг маданиятига, жадал ривожланишига чуқур ҳурмат билан қараймиз. Компаниямиз учун Ўзбекистон томони билан биргаликда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш катта шараф. Биз келажакдаги ҳамкорликка умид қиламиз ва бу ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлишига ишончимиз комил.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди