Мадридда етакчи испан компанияси раҳбари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 21, 2024. 16:47 • 2 дақ
• 380
МАДРИД, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида "ACIR Southern Europe" компанияси президенти Эдуард Гулян билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Томонлар Испания делегациясининг Ўзбекистонга сафари якунларини, қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг боришини муҳокама қилдилар. Бўлиб ўтган сафар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлгани таъкидланди. Унинг доирасида 80 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди ва муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги технологияларни ўзлаштириш, шунингдек, Испаниянинг "Alcobendas HUB" моделини жорий этиш бўйича "Tashkent Pharma Park" акциядорлик жамияти билан шерикликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, пудратчи форматидаги ҳамкорлик ва аутсорсинг масалалари муҳокама қилинди.
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорларига етказиб беришни янада ривожлантириш мақсадида маҳаллий ҳунармандлар, заргарлар, тўқимачилик корхоналари уюшмалари билан алоқалар йўлга қўйилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотларини Европага экспорти ҳажмини ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бухорода сув бўйида кўнгилочар мажмуа қуриш, фармацевтика ишлаб чиқаришини модернизация қилиш каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлими билан концессияларга асосланган сувни тозалаш лойиҳалари, шунингдек, ДХШ форматида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларига инвестиция киритиш ва инновацион технологияларни жорий этиш учун янги истиқболларни очишга ёрдам берадиган келишувларни илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси